Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Бухорода 8 йил аввал ўғирланган ноёб хазина жойига қайтарилади

Бухорода 8 йил аввал ўғирланган ноёб хазина жойига қайтарилади

Вобкентдаги Чашмаи Айюб мақбараси пештоқидан бундан 8 йил (!) аввал ўғирлаб кетилган ноёб кошин ўз жойига қайтарилади.

Мақбара кечмишига назар ташлайдиган бўлсак, ушбу ёдгорликнинг Чашмаи Айюб деб номланишининг ўзи ҳам бир тарих. Бу ерда замин остидан чиққан шифобахш чашма улуғланиб, машҳур пайғамбар Айюб алайҳиссалом номи билан боғланган. Ривоятларга кўра, Айюб алайҳиссалом Бухорога келган бўлиб, ул муборак зот ҳассасини қаерга урсалар, шу ердан булоқ отилиб чиққан экан. Мазкур чашмага ҳам у кишининг ҳассаси теккан жой сифатида нисбат берилади.

Чашмаи Айюб мақбарасида милодий 1017 йилда вафот этган ҳадисшунос олим Абу Саъд ал-Харжуший дафн этилган. Тарихий маълумотларга кўра, ушбу мақбара яқинида масжид ва дарвешлар хонақоси ҳам бўлган. Ёдгорликнинг атрофидаги қабристон кейинчалик халқнинг у кишига юксак эътиқоди туфайли юзага келган.

Мақбара асрлар давомида қанчадан-қанча талон-торож, тўс-тўполонларни бошдан кечирган. Айниқса, мустабид шўролар даврида буткул унутилиб, эътиборсиз қолдирилганлиги сабабли ташландиқ ҳолга келиб қолганди. Бир сўз билан айтганда, ўтган 800 йиллик тарихий давр Чашмаи Айюб нинг умумий ҳолатига таъсир кўрсатмасдан қолмади. Эндиликда ёдгорликнинг фақат пештоқ қисми ҳамда унга туташ деворнинг бир бўлаги бизгача етиб келган, холос.

Бу ҳақда Юртга қайтган қадрият сарлавҳаси остида Adolat ижтимоий-сиёсий газетасининг 2017 йил 28 июль сонида мақола эълон қилган эдик.

Ўша мақолада мазкур ноёб обида пештоқига битилган муқаддас ёзувнинг бир парчаси бундан 8 йил муқаддам бир гуруҳ кимсалар томонидан таъмирлаш ишлари баҳонасида ўғирлаб кетилгани ҳақида ҳам фикр юритгандик.

Ўтган вақт ичида мамлакатимиз ҳуқуқ-тартибот идоралари мазкур ўғирлаб кетилган кошинни топиш ва айбдорларни жазога тортиш юзасидан тегишли тезкор-қидирув тадбирларини амалга оширдилар. Натижада жиноятчилар ушланиб, одил судловга тортилди.

Маълум бўлишича, 2011 йилнинг ёз ойларида З.Г. томонидан ёлланган ишчилар ёрдамида ёдгорлик пештоқидаги Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: Авваллари сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Бас, энди уларни зиёрат қилаверинглар . Бу иморат ҳижрий олти юз бешинчи йили қад ростлаган , дея араб ёзувида битилган ҳикматли жумланинг олти юз бешинчи рақами битилган кошин бўлаги ўғирланиб, ёдгорликка шикаст етказилган. Уни қайта реставрация қилиш баҳонасида, ўғирлик эканини сездирмай, Тошкент шаҳрига олиб келишган ва кошин бўлаги А.А.га берилган.

Шундан сўнг кошинни туркиялик (кимлигини аниқлашнинг имкони бўлмаган) шахсга сотиш учун Ўзбекистон ҳаво йўллари Миллий авиакомпаниясида борт кузатувчиси бўлиб ишлаган И.А. билан жиноий тил бириктириб, қонун ҳужжатларини бузган ҳолда мамлакат ҳудудидан олиб чиқишган.

Чашмаи Айюб ёдгорлигининг ўғирлаб кетилган кошин бўлаги Германия Федератив Республикаси орқали Буюк Британиянинг Mayfair галереясида 2017 йилда сотувга қўйилади...

Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг аралашуви билан кошин бўлаги республикамизга қайтарилди. Айни пайтда кошин Ўзбекистон давлат санъат музейида сақланмоқда. Яқин кунлар ичида жаҳонгашта кошинни Вобкентга олиб келиб, ўз жойига қўйиш режалаштирилмоқда.

Халқимизда Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади , деган ҳикматли нақл бор. Жиноят содир этган кимсалар айни мана шу нақл моҳиятига эътибор қаратишганида, суднинг қора курсисига ўтиришмаган бўлишарди.

Хулоса ўрнида таъкидлаб ўтиш лозимки. Чашмаи Айюб мақбараси ва унга туташ кўҳна қабристон ҳудудида Адолат СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Қодир Жўраевнинг мазкур обида атрофини ободонлаштириш ҳамда уни республикамиздаги туристик маршрутлар рўйхатига киритиш тўғрисида мутасадди ташкилотларга юборган депутатлик сўрови асосида 2017-2018 йилларда мақбара ва унга туташ ҳудудларда ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси эса яқин орада ушбу обидани мамлакатимизнинг туристик манзилгоҳлари рўйхатига киритишни режалаштирмоқда. Яна бир янгилик ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси ва Маданият вазирлиги томонидан мазкур обидани Буюк Ипак йўли дурдоналари , деб номланган катта лойиҳанинг таркибий қисми сифатида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш учун тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Яқинда партиядошлар билан биргаликда Хайрободга сафар уюштириб, Чашмаи Айюб жомеъ масжиди имом-хатиби Омон Раҳимов ва хайрободлик оқсоқоллар билан суҳбатлашдик. Улар ноёб битикли кошин топилганлигидан, айбдорлар ўз жазосини олаётганлигидан хурсанд эканликларини қайд этишди. Кошин ўз жойига қайтарилса, нур устига нур бўлар эди, дея тилак билдиришди.

Юксак маҳорат билан бунёд этилган ушбу нодир ёдгорликни асраб-авайлаш, уни асл ҳолида қайта қуриш ва таъмирлаш, мақбара атрофида туристик инфратузилмани ривожлантириш асосий вазифаларимиздан биридир.

Manba: adolat.uz

Киритилди: 17:56 25.01.2019. Ўқилди: 2401 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!