Британиянинг энг йирик банки HSBC Россия ва Беларусдан тўловларни қабул қилишни тўхтатишини эълон қилди.
Reuters агентлигининг хабар беришича, банк мижозларига билдиришномалар юбориб, энди тақиқ жисмоний шахслар учун ҳам татбиқ этилиши ва ушбу мамлакатлардан келадиган ҳар қандай пул ўтказмаларига нисбатан амал қилишини маълум қилди.
HSBC 2022 йилнинг ёзидан бошлаб Россия компаниялари учун тўлов хизматларини чеклаган эди. Бу чекловлар банкнинг Ҳонгконг филиали орқали Осиё давлатлари билан операциялар олиб борувчи Россия компанияларга тааллуқли бўлган. Америка Қўшма Штатлари амалдорлари санкция остидаги товарларни Ҳонгконгдаги россияликларга етказиб беришни тўхтатишни талаб қилгач, бу чоралар жорий қилинган эди.
Банк янги тақиқ жорий этилишининг аниқ сабабларини ошкор қилмаган. Бироқ бу қарор АҚШнинг Россияга қарши молиявий санкцияларни кучайтирганидан бир кун ўтгач қабул қилинган. АҚШнинг янги санкцияларда Россиянинг Газпромбанк ва яна 50 банки «қора рўйхат»га киритилган эди.
АҚШ Молия вазирлиги ўз релизида Россияда яратилган «SWIFT муқобили» — Россия Марказий банкининг Молиявий хабарларни узатиш тизими (СПФС) билан ҳамкорлик қилувчи барча халқаро молиявий ташкилотларни мумкин бўлган оқибатлардан огоҳлантирган. Европа Иттифоқи бу тизимга қарши санкцияларни 2024 йилнинг ёзида жорий қилган эди. Россия Марказий банкининг маълумотига кўра, тизимга 20 та мамлакат банклари қўшилган, бироқ АҚШ Молия вазирлиги бу тизимнинг санкцияларни четлаб ўтиш учун ишлатилаётганини таъкидлаган.
Урушдан аввал HSBC Россияда ўзининг филиалига эга бўлган ва бир вақтлар банк АҚШ ҳукумати томонидан жуда кўп текширувларга учраган. Қўшимча қилинишича, банк илгари Мексикадаги филиали орқали пул ювишда айбланган ва 2 миллиард доллар жаримага тортилган.
2022 йилнинг май ойида HSBC Россиядаги бизнесини ёпишини эълон қилди. Ортидан икки йил ўтиб, банк ўзининг Россиядаги филиалини Экспобанкка сотган.