Бугун 28 март, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Ботқоқ йўлга қадам қўйган қизга мактуб

Ботқоқ йўлга қадам қўйган қизга мактуб

Менга бир қиздан мактуб келди. Мактуб муаллифи ўзининг аҳволини батафсил баён қилганидан кейин шайтон тўрига илингани ва ҳаётнинг ўнқир-чўнқир сўқмоқларида адашиб, тойилгани ҳақида куйиниб, изтироб ила ёзган эди. Менинг унга жавобим қуйидагича:

Мактубингиздаги сатрларни ўқиб, сизга ич-ичимдан ачиндим. Аҳволингизни яхши тушуниб турибман, чунки мен ўз фаолиятим давомида сиз каби кўплаб ёшларнинг ҳасратига қулоқ тутганман, улар билан бирга дард чекканман. Бундай вазиятга тушиб қолиш осон, лекин ундан халос бўлиш мушкулдир. Фақат Аллоҳ асраган бандаларгина ундан қутулиб кетиши мумкин.

Мен шуни яхши биламанки, агар иккингиз эр-хотин бўлганингизда, ушбу муаммоларнинг ҳеч бирига дуч келмаган бўлардингиз. Буни ўзингиз ҳам яхши билсангиз керак. Бу шайтоннинг ҳаром қилинган дарахтдан ейишга гижгижлаши ва инсонинг оқибатни ўйламай, унга ижобат қилишининг бир кўринишидир.

«Яна у икковингизни жаннатдан чиқариб, бадбахт бўлиб қолмагин» (Тоҳа сураси, 117-оят).

Афсуски, мана шундай телефон, почта ё бошқа ижтимоий тармоқлар орқали бўладиган алоқалар ёмон одат ва жирканч ишқибозликка айланиб қолди. Айниқса бекорчиликни касб қилиб олган, вақтларини банд қиладиган фойдали бирор амалий машғулоти йўқ кишилар учун офат бўлди.

Азиз сингилжоним, ўзингиз бир ўйлаб кўринг, агар сиз танлаган ўша номард ҳақиқий эркак бўлганида, шундай пасткашликка, гуноҳга қўл урармиди? Ўзини ҳам, сизни ҳам ушбу ҳалокатли жарлик сари етаклармиди? Унинг қаршисида ўзи танлаган ҳаром йўл билан бирга Аллоҳ таоло ҳалол қилган йўл ҳам бор эди, унга танлаш имконияти ҳам берилган эди! Унинг ижтимоий, молиявий ёки бошқа ҳолатлари бунга йўл бермади, деб фараз қилганимизда ҳам, унинг бундай хатарли ботқоқда улоқиб юришида нима маъно бор?

Мен баъзи йигитларни ҳеч тушунолмайман: уламоларнинг фатволарини ёддан билишади, интернет оламидаги исломий сайтларни кузатиб боришади ва шу аснода сиз каби қизлар билан мана шундай худбинларча алоқага чиқишади! Ўша нобакор ўзининг синглиси ёки қизига шундай муносабат бўлишини истармиди? Агар ўзининг яқинлари билан шундай ҳолат юз берса, қалби озор чекмасмиди? Сиз ҳақингиздаги ушбу хотиралар билан у сизни ўзига хотин қилиб олади деб ўйлайсизми? Унинг учун сиз оддий бир ўйинчоқ, вақтини кўнгилхушликда ўтказиши учун овунчоқсиз, холос. Сизга таклифим шуки, унга шу каби саволларни берингда, уларга очиқчасига ва аниқ жавоб беришини талаб қилинг.

Шундан сўнг сиз ўзингиз кўзларингизни бир зумга юмиб, ўзингизнинг беш йил кейинги – рафиқа, она ва уй бекаси бўлган ҳолингизни бир тасаввур қилиб кўринг. Ўтмишингизни бугунги ҳаром лаззатлар билан булғанган ҳолда кўришни, келажакдаги вафодор жуфтингиз билан виждон азобида яшашни истамасангиз керак? Ахир бир умр ундан ўтмишингизни яшириб, агар билиб қолса, ажрашиб кетишимиз мумкин, деган ҳадик билан яшаш осонми?! Ҳаётингизда турли нохушликларга, кўнгилни ғаш қилувчи ҳолатларга дуч келганингизда ўзингизнинг бугунги қилмишингиздан бошқа сабаб топа олмай эзилишни истамасангиз керак? Шуни яхши билингки, сизнинг хунук ўтмишингизни инсонларнинг бари унутиб юбориши ёки мутлақо эсламаслиги мумкин, лекин ҳамма нарсани кўриб-билиб турувчи Зот – Аллоҳ таоло барчасини ҳисоб-китоб қилиб турибди.

Шуни билиш лозимки, орангиздаги ушбу муносабатлар, алдамчи туйғулар ҳақиқий эмас, вақтинчадир. Улар ҳаёт синовларига жавоб бера олмайди, чунки улар тўғри, яроқли пойдевор устига қурилмаган.

Инсон ўз ҳаёти давомида оила деган кичик бир жамият барпо қилиши, ушбу ошёнда фарзанд тарбиялаши, ҳаёт машаққатлари ва муаммоларини енгиб ўтиши, ҳар доим ҳам равон, бир текисда кечмайдиган турмушнинг муштларига бардош бериши лозим бўлади. Шунингдек, Аллоҳ таолога бандаликни энг олий ғоя деб билган ва оилавий ҳаётни ушбу бандаликни адо этишнинг бир йўналиши қилиб белгилаган дин-диёнат ишларига риоя қилиши ҳам лозимки, бу ҳалигидай хаёлий муҳаббат билан адо топмайди. Бинобарин, дунё ҳам, дину диёнат ишлари ҳам ўзаро меҳр-муҳаббат асосида ва энг асосийси, никоҳ асосида қурилган оила билангина обод бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

«Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратгани ва ораларингизда меҳру муҳаббат ва марҳаматни солиб қўйгани Унинг оят­белгиларидандир» (Рум сураси, 21-оят).

Эр-хотин муҳаббат билан эриша олмаган натижаларга Аллоҳнинг раҳмати билан эришишлари мумкин. Шунинг учун ҳам Умар розияллоҳу анҳу: «Ҳамма уй ҳам севги асосига қурилавермайди. Балки насаблар ва Исломга биноан яшаш билан барпо бўлади», деганлар.

Саҳиҳ ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳар бир яхшилик садақадир... Бирингизнинг жинсий яқинлиги ҳам садақадир», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули! Биримиз шаҳватини қондирса, унга бунда ажр бўладими?» дейишди.

«Айтингларчи, агар у ўшани ҳаромга қўйса, унга гуноҳ бўлармиди? Шунингдек, агар уни ҳалолга қўйса, бу унинг учун ажр бўлади», дедилар».

Муслим ривоят қилган. 

Ҳа, Ислом эр-хотин орасидаги жинсий алоқани яхшилик, садақа ва ажр даражасига, Аллоҳ таолонинг исми зикр қилинадиган алоқа даражасига кўтарди.

Бунга қарши ўлароқ, бундан бошқа доирадаги алоқаларни адоват, фаҳш ва очиқдан-очиқ гуноҳ деб санади. Кимки нафсини ҳаром билан ҳузурлантирса, албатта, у бунинг жазоси сифатида ҳалол лаззатдан маҳрум бўлади.

«Роббинг бандаларга зулм қилувчи эмас» (Фуссилат сураси, 46-оят).

Азиз сингилжоним, энди сиз Аллоҳга тавба қилишга, Ундан мағфират сўрашга талпининг! Аллоҳнинг зикри тилингиздан тушмасин! Қуръон тиловат қилишдан чарчаманг! Роббингизнинг азаматини, муроқабасини, эшитиб, кўриб турганини ҳис этган ҳолингизда фақат Ўзига суянинг! Зотан, У ҳамма нарсани эшитиб, кўриб турувчи Зотдир.

Ҳар доим ақл билан иш юритинг. Алдамчи ҳис-туйғуларга, ҳою-ҳавасларга берилиб, адашиб, улоқиб кетманг. Қай бир ишга қўл урсангиз ҳам, унинг динингиздаги, шаънингиздаги, руҳиятингиздаги, оилангиздаги, бугунингиз ва эртангиздаги оқибатларини яхшилаб ўйлаб кўринг.

Аллоҳ таолодан сизни ҳар турли тойилишлардан сақлашини ва бир зум ҳам ўз ҳолингизга ташлаб қўймаслигини ҳамда қўлингиздан тутиб, омонлик қирғоғига элтиб қўйишини сўраб қоламан. Албатта, У Зот Роҳман ва Роҳимдир.

Manba: islom.uz

Киритилди: 05:00 21.10.2020. Ўқилди: 3396 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!