Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили сифатидаги беш йиллик муддатини якунлаётган Жосеп Боррел Исроилнинг Ғазо секторидаги геноцидга чек қўйилмаганидан ҳафсаласи пир бўлганини билдирди.
«Биз (Ғазо секторидаги) бу қирғинни тўхтата олмаганимиздан жуда хафамиз. Фақатгина Исроилга босим ўтказиш мумкин», — деди Боррелл Испаниянинг РНE жамоат радиосига берган интервьюсида.
Европа дипломатияси раҳбари бир неча кун аввал Иорданияга ташриф буюрганини, унинг сўзларига кўра, турли гуманитар ташкилотлар 250 мингга яқин фаластинликларга ёрдам мажбурий равишда тўхтатилгани ҳақида хабар берганини эслади.
Боррелнинг қайд этишича, Европа Иттифоқи минтақадаги хавфсизлик вазияти туфайли Ғазо шимолидаги аҳолига ҳеч қандай ёрдам бера олмайди.
«Бизда уларга таклиф қиладиган ҳеч нарса йўқ. Бундай шароитда биз хавфсиз кира олмаймиз», деди у.
Европа дипломатияси раҳбарининг таъкидлашича, Исроил ва Ливан ўртасида эришилган вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш келишуви «жуда нозик». «Исроил АҚШ кўмаги билан ҳужум қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади», деб эслайди у.
Умуман олганда, Боррелл дунёдаги барча ҳозирги можароларнинг пессимистик расмини чизди.
Унинг сўзларига кўра, Украинадаги вазият ҳам ёмонлашмоқда. «Украина ўзини ҳимоя қилишга уринмоқда, чунки биз унга ёрдам берамиз. Ёрдамни тўхтатиш бу ердаги ҳамма нарсани Россияга қолдириш билан баробар бўларди», деди Боррелл.
Унинг қайд этишича, Эстония собиқ бош вазири, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича янги Олий вакили Кажа Каллас яқин кунларда Украинага илк ташрифини амалга оширади.