Бугун 23 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

"Бор, боравер!" деса, талоқ тушадими?

"Бор, боравер!" деса, талоқ тушадими?

Бир вақт оинаижаҳон орқали бир саҳна асарини кўргандим. Муаллиф ва саҳналаштирувчи кишилар халқ ҳаётини билмаганлари учун мудҳиш, фожиавий хатоларга йўл қўйганлар. 

Ёш келин ва куёв ҳали чимилдиқ ҳаётини бошламай туриб, куёв бир неча марта келинга: “Отангнинг уйига жўна!”, “Бор, уйинга кет!”, “Туёғингни шиқиллат!” каби сўзларни айтади. Ҳолбуки, бизнинг шарқ халқларимизда, ўзбек халқида эрнинг ўз жуфти ҳалолига бундай гапларни гапириши асло мумкин эмас.

Фиқҳ китобларимизда бундай киноявий сўзлар туфайли эр-хотин ўртасига талоқ тушиши таъкидланади. Агар бу сўзларни кўп бор айтса, охири уч талоққа етиш хавфи бор.

Шунинг учун халқимизда аёли: “Хўжайин, отамникига бораман”, ёки: “Онамникига боргим келяпти” деса, эри: “Бор”, демас экан, балки, “Бориб кел”, дер экан. “Бор!” деган сўзнинг ўзидан бир киноявий талоқ вужудга келишидан қўрқиб: “кел” сўзини қўшиб қўяр экан. “Кел” сўзини қўшиш билан ўзларини, оилаларини маънавий фалокатдан ҳимоя қилар эканлар. Қаранг, халқимизда қандай гўзал, қандай юксак одоб намуналари бор! 

Камина бу гапларни ҳали ўсмирлик чоғларимда, жуда ёшлик маҳалларимда эшитганман.

Нодонлик ва жаҳолатнинг ҳадди – чегараси бўлиши керак. Одамзод бу даражада нодон ва жоҳил бўлмаслиги керак. Айниқса, ёзувчи одам, ижодкор шахс халқ ҳаётини, миллий одоб-ахлоқ асосларини, халқнинг маънавий-эътиқодий тамойилларини ўрганиши ва билиши шарт.

Бундай саҳна асарлари неча-нечалаб оилаларни хонавайрон қилади, неча юзлаб илмсиз ёшларнинг тилига ножоиз, нохуш сўзларни жойлайди, ҳаётини бузади, оқибатдан никоҳи бузилган ҳолда, яъни никоҳсиз ҳолда туғилган болалар яхши ахлоқ ва одобдан маҳрум бўлади. Чунки ҳадиси шарифда: “Зинодан ва ҳайздан туғилган болалар яхши ахлоқдан маҳрум бўлади”, дейилган. Бу сўзга асло шубҳа йўқ.

Мирзо КЕНЖАБЕК,
"Ёшларга дил сўзларим" китобидан

Киритилди: 08:00 09.07.2020. Ўқилди: 8381 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!