Бугун 26 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

“Бола ёмон бўлса, айб – отада”

“Бола ёмон бўлса, айб – отада”

Бир даврада суҳбатдошим гапдан-гап чиқиб, дардиҳол қилиб қолди.

“Ўн икки йил деганда худойимдан тилаб-тилаб олган ёлғиз ўғлим бўлгани учун болалигидан айтганини муҳайё қилдим. Мактабни битиргач нуфузли институтга ўқишга киритдим, тўғрироғи, киритиб қўйишди.

Иккинчи курсда ўқиётганида туғилган кунига машина совға қилдим. Боламнинг юриш-туришида ўзгариш сезила бошлади. Мен эса ёлғиз ўғил, қолаверса, анча катта бўлиб қолди, деб кўп тергайвермадим. Бора-бора уйга кеч келадиган бўлди. Сабабини сўрасам, у ўртоғининг, бу ўртоғининг туғилган кунидан келаётганини айтарди. Мен ҳар доимгидай улғайиб қолди, деган фикр билан ўзимга таскин берардим.

Бир куни ишдан қайтганимда уйда йўқ экан. Қўнғироқ қилиб қаердалигини сўрадим. “Ўртоқларим билан дискотекадаман”, деди.

Ҳозироқ уйга етиб кел, дедим. Аммо қайтмади. Шундан сўнг ҳайдовчим билан уни олиб келгани бордим. Ичиб олган, зўрға оёғида турарди. Уни бу аҳволда кўриб, баттар тутақиб кетдим. Рулга ўтирмаслигини тайинладим. Ҳайдовчимга унинг машинасини ҳайдашни буюрдим. У менинг кўзимни шамғалат қилиб, машинага ўтирди-да газни босди. Ортидан биз ҳам машинани ҳайдадик. Чорраҳада, светофор қизил чироғида ўтиб бир йигитни уриб юборди. Йигит шифохонада жон берди.

Ҳозир ўғлим қамоқда ...”

Суҳбатдошимнинг гапларини тинглаб, айрим саволлар хаёлимдан ўтди: нега кўпчилик фарзандини ёшлигида эркатой, танти қилиб ўстиради-да, кейин афсусланиб юради? Ёки шундай бўлишини била туриб лоқайдлик қилишадими? Бундай вазият биз билан рўй бермайди деб ўйлашадими?

Фарзанд кўриш ҳар бир инсон учун буюк бахт, уларсиз ҳаётнинг маъноси йўқ. Аммо фарзанди кўп бўлса ҳам, ёлғиз бўлса ҳам уларнинг келажаги, эртаси бор. Ҳаёт ўз синовларида сен ёлғиз ўғилсан, эркатой, тантиқ бўлиб ўсганинг учун, деб ҳеч бир имтиёз бермайди. Баъзи ота-оналар ёлғиз фарзандим деб талтайтириб юборади. Енгил ҳаётга ўрганган, доимо айтгани-айтган, дегани-деган бўлган бола ҳар доим тўғрими-нотўғрими, ўзининг айтгани бўлишини хоҳлайди, қолаверса, салгина қийинчиликка дуч келса, йўлини йўқотиб қўяди.

Оилада фарзанд тарбияси кўп ҳолларда она гарданига тушади. Бу нотўғри, назаримда. Болалар, айниқса, ўғил бола ота тарбиясига жуда муҳтож. Шунинг учун оталар ўз болаларига алоҳида вақт ажратишлари зарур.

Юсуф Хос Ҳожиб оилавий тарбияни, бола ахлоқий тараққиётининг асоси, деб ҳисоблаган: «Агap боланинг хулқи ёмон бўлса, бунда боланинг айби йўқ, ҳамма айб - отасида», дейди аллома. Боланинг шахс сифатида шаклланиш жараёни, айниқса, ўғил болалар учун мураккаб. Чунки улар, аввало, она муҳитидан ажралиши ва эркаклар муҳитига ўтиши, унга мослашиши зарур. Бундай пайтда унга ҳар жиҳатдан кўмаклашадиган киши керак. Айрим оталар бунга эътибор бермайди. Руҳий кўмак жиҳатидан ўртада қолган бола онасига мурожаат қилишни ор билиб, ўзининг муаммолари билан ёлғиз қолади.

Олимларнинг кузатишларича, ўз отаси билан жуда яқин бўлган болалар, одатда ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка деярли берилмас экан. Аммо нотўлиқ оилада тарбияланаётган болаларнинг 33 фоиздан зиёди ичкиликбозлик, безорилик, ҳатто гиёҳвандлик кўчасига жуда эрта кирганликлари аниқланган. Боиси оталар фарзандига яқин бўлмаган, ундаги ўзгаришни, нимани хоҳлаётганини, нималар билан бандлигини билишмайди.

Демак, ҳаётий хулоса шу: ўғил бола тарбиясида асосий тарбиячи ота бўлиши шарт. Она кўнгилчанлик қилиб болаларини эркалатиб юбориши мумкин.

Manba: zarnews. uz

Киритилди: 21:45 23.08.2019. Ўқилди: 2400 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!