Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Бесабр аёл Пайғамбар алайҳиссаломга нима деди?

Бесабр аёл Пайғамбар алайҳиссаломга нима деди?

Анас ибн Молик розиёллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам қабр олдида йиғлаётган аёл олдидан ўта туриб: “Аллоҳга тақво қил ва сабрли бўл!”, дедилар. У аёл: “Йўлингдан қолма. Сен бошимга тушган мусибатни қаердан билардинг”, деди. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам индамасдан кетдилар. Аёл у зотни танимади. Кейин бир киши унга у зот Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам эканликларини айтганида, аёл: "Аллоҳга қасамки, танимадим", деди. Аёл у зотнинг Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам эканликларини билиб хижолати минг бўлди. Сўнгра Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг эшиклари олдига бориб: “Мен сизни танимабман, эй Аллоҳнинг Расули!” деди. Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта сабр мусибатнинг аввалги лаҳзаларида (билинади)”, дедилар".

Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ ўзининг "Фатҳул Борий" номли шарҳида шундай дейди: "Бу ҳадиснинг маъноси шуки, мақталадиган сабр мусибат етган чоғдаги сабрдир. Ундан кейингиси эмас. Чунки кунлар ўтиши билан мусибат енгиллашиб боради. Шунинг учун: "Ҳар-бир нарса бошланишда кичик бўлиб сўнгра катталашади. Илло, мусибат бошланишида катта бўлиб сўнгра кичиклашиб боради", дейилган.

Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ўғлини йўқотиб мусибатзада бўлган аёлга нисбатан одобларига қаранг. У аёл қўпол гапирса-да, у билан баҳслашмадилар, унинг гапини рад қилмадилар. Индамасдан кетдилар.

Бу эса йўқотиш, беморлик, фақирликка учраган кишилар билан бўладиган муомаладаги етук дарсдир. Эҳтимол у бизга биз одатламаган муомалани қилар. Инсон чидамсиз қилиб яратилган. Мусибатга учраган кишининг, кимсасини йўқотган кишининг, шахсий муаммога учраган кишининг дағал муомаласидан ранжимайлик. Инсонларнинг энг яхшиси бўлмиш Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам каби унинг ҳолатини ҳис қилайлик.

Аслида бу дунё йўқотиш дунёсидир. Келганларнинг барчаси кетган. Пайғамбарлар ҳам, фожирлар ҳам, подшоҳлар ҳам, қуллар ҳам, олимлар ҳам, жоҳиллар ҳам ташлаб кетишган бу дунёни. Тўғри, яқинларни йўқотиш оғир. Ўлим мусибати машаққатли. Аммо Аллоҳнинг қадарига розилик малҳамдир. Жаннатдаги ҳамд уйи йўқотиш соатларида ишларини Аллоҳга топширган зотларга атаб қурилади. Сабрнинг энг буюги аввалги тўқнашувда қилинган сабрдир.

Насиҳатгўй модомики холис экан, унинг насиҳатини маҳкам тут. Баъзилар яхши кўрадиган кишисининг хатосини ҳам қабул қилаверади. Ёмон кўрадиган кишисидан эса ҳақни ҳам қабул қилмайди. Бу ҳавойи нафснинг ғалабасидан, ҳикмат ва ақлнинг йўқлигидан нишондир.

Юқоридаги аёл каби бўлмайлик. У насиҳатгўйни танимагани учун ҳақни қабул қилмади. Аммо у каби қилган хатони тузатувчи бўлайлик. Бу ақл эгаларининг хулқидир. Аёл ҳам ақл соҳибаси эканки, дарров хатосини тузатишга киришди. Бузган нарсасини ислоҳ қилиш учун узр сўраб келди. Бу набийлар хулқидир:

"Қачонки, Мусонинг ғазаби босилгач, лавҳларни олди". Аъроф-154 оят.

Яъни Бани Исроил Мусо алайҳиссалом Аллоҳ билан гаплашгани кетганларида бузоққа ибодат қилиб қўяди. Мусо алайҳиссалом қайтиб келиб, уларнинг бузоққа ибодат қилиб турганини кўриб, даҳшатга тушиб қўлларидаги Таврот лавҳларини беихтиёр ерга ташлаб юборадилар. Ғазаблари босилгач, ўзларига келиб яна лавҳларни ердан оладилар!

Абдулқодир Полвонов

Киритилди: 16:11 01.12.2020. Ўқилди: 3902 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!