Бугун 24 апрель, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Баҳодир Жалолов: "Орзум – Олимпия ўйинларида ғолиб бўлиш ва..."

Баҳодир Жалолов: "Орзум – Олимпия ўйинларида ғолиб бўлиш ва..."

Баҳорнинг сўнгги кунларида Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бокс бўйича Осиё чемпионати ўтказилди. Унда Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси аъзолари 6та олтин, битта кумуш ва 3та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида 1-ўринни қўлга киритди.

Мусобақа якунида Осиё бокс конфедерацияси матбуот хизмати Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Осиё ва жаҳон чемпиони Баҳодир Жалолов билан интервью уюштирди. Қуйида ушбу интервьюнинг ўзбек тилидаги вариантини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

“Бу сафарги тайёргарлик ҳам доимгидек яхши ўтди. Мусобақанинг даражасидан қатъи назар, ишга доимо жиддий ёндошамиз. Уч ой ичида бир неча маротаба формага кириш осон эмас. Осиё чемпионатида мен 70 фоиз куч билан ишладим. Олимпия ўйинларига 100 фоиз формада бўламан.

Осиё чемпионатидаги муҳит менга ёқди. Барча объектлар бир жойдалиги учун ҳам бизга транспортлар керак бўлмади. Вазн ўлчаш, овқатланиш, техник учрашувлар ва бошқа жиҳатлар спортчилар учун қулай қилиб тузилганди.

Биз барча рақибларимизни ҳурмат қиламиз. Уларни кучли ва тажрибали спортчилар, деб ҳисоблаймиз. Масалан, Қозоғистон кучли бокс мамлакати. Мўғулистон ҳам яхши жамоа, бу сафар Ҳиндистон ҳам бизга анча яқин келди.

Ушбу Осиё чемпионатининг финал жанги қозоғистонлик рақибим – Камшибек Конкабаевга қарши 7-жангим бўлди. Баҳс доимгидек қийин ўтди. Бу сафар жисмонийдан кўра, кўпроқ психологик кураш кечди. Ўзимга бўлган ишонч юқори эди, чунки охирги иккита мусобақада уни мағлубиятга учратгандим, хеч кимга мағлуб бўлмаётгандим. Сўнгги ойларда руҳий тайёргарликка ҳам катта эътибор қаратмоқдаман.

Орзуим – Олимпия ўйинларида ғолиб бўлиш ва шу сабабли Токиодаги Олимпиадага 100 фоиз кучим билан тайёрланаман. Бошқа ҳеч қандай турнир ёки йиғинга бормаймиз. Ўзбекистонда баҳсларга тайёргарлик кўрамиз.

Токио-2020да мен учун Қозоғистон, Россия, Куба ва Австралия боксчилари асосий рақиблар бўлишади. Аммо юқорида таъкидлаганимдек, вазн тоифамдаги барча спортчиларни кучли рақиб, деб ҳисоблайман. Олимпия ўйинларидан сўнг жаҳон чемпионатида қатнашмоқчиман, кейин эса кўрамиз”, - деган Баҳодир Жалолов ўз интервьюсида.

Киритилди: 05:35 16.06.2021. Ўқилди: 2199 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!