Бугун 11 июнь, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

БАА – Ўзбекистон учрашуви учун ўзбекистонлик мухлисларга нечта чипта тақдим этилади?

БАА – Ўзбекистон учрашуви учун ўзбекистонлик мухлисларга нечта чипта тақдим этилади?

Миллий терма жамоа Жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасида сафарда Бирлашган Араб Амирликларига қарши майдонга тушади.

Хабарингиз бор, терма жамоа 5 июнь куни ЖЧ 3-саралаш босқичи 9-тури доирасида БААга сафар уюштиради. Мазкур баҳс Ўзбекистон учун тарихий аҳамиятга эга, сабаби айнан шу ўйин натижаси Тимур Кападзе шогирдларини муддатдан аввал ЖЧ-2026га олиб чиқиши мумкин.

Кўплаб ўзбекистонлик мухлислар термани БААга қарши сафар учрашувда қўллаб-қувватлаш истагини билдиришмоқда. Ҳозирги кунда мухлислар учун асосий муаммо – чипта хариди. Чипталар эса ҳали сотувга чиққани йўқ. Хўш, Абу-Дабига борадиган ўзбекистонлик мухлисларга нечта чипта тақдим этилади?

"Қабул қилувчи ташкилотлар (ҳозирги ҳолатда БАА футбол ассоциацияси – таҳр.), ОФК ва ташкилотчи уюшма (БАА футбол ассоциацияси – таҳр.) томонидан белгиланадиган алоҳида хавфсиз ҳудудда, ҳар бир иштирокчи ассоциациянинг мухлислари учун стадионнинг соф сотув сиғимининг камида саккиз фоизини таъминлашлари шарт. Сотиб олинадиган чипталар сони тегишли ўйиндан камида ўн тўрт кун олдин қабул қилувчи ташкилотга маълум қилиниши лозим. Меҳмон жамоа, ҳатто чипталар ишлатилмаган тақдирда ҳам, сотиб олинган барча чипталар учун жавобгардир", – дейилади ОФК регламентида.

Шундай экан, Ўзбекистон миллий терма жамоасини стадиондан туриб қўллаб-қувватламоқчи бўлган мухлисларга стадион сиғимининг 8% қисми ажратилади. Учрашув Абу-Дабидаги 15 минг томошабинга мўлжалланган "Ал Наҳайён" стадионида бўлиб ўтишини инобатга олсак, ватандошларимиз учун 1200 та чипта сотувга чиқарилади.

Эслатиб ўтамиз, 5 июнь куни бўлиб ўтадиган беллашув Тошкент вақти билан соат 21:00 да бошланади.

Киритилди: 15:28 25.05.2025. Ўқилди: 953 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!