Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Айбини тан олган тадбиркор жиноий ва маъмурий жавобгарликдан озод этилади

Айбини тан олган тадбиркор жиноий ва маъмурий жавобгарликдан озод этилади

Молиявий санкциялар (жарима) солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик чораси бўлиб, қонунчиликка асосан суд тартибида қўлланилади, деб хабар бермоқда Давлат солиқ қўмитаси.

Билдирилишича, сўнгги йилларда ҳукумат томонидан тадбиркорлик субъектларига нисбатан солиқ соҳасида қўлланиладиган молиявий санкциялар бўйича бир қатор енгилликлар бериб келинмоқда.

Жумладан, илгари молиявий санкцияларни ихтиёрий равишда олдиндан тўлаб берганлиги учун енгилликлар назарда тутилмаган ҳамда жарималар тадбиркорнинг моддий аҳволини инобатга олинмасдан қўлланиб келинган бўлса:

эндиликда, молиявий санкцияни қўллашда жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар аниқланган тақдирда, шунингдек ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини инобатга олиб, суд молиявий санкциянинг энг кам даражасидан ҳам камроқ, бироқ белгиланган санкция энг кам миқдорининг 25 фоизидан кам бўлмаган миқдорда молиявий санкцияни қўллашга ҳақли эканлиги;

солиқлар, бошқа мажбурий тўловлар ва пеня материаллар судга берилган кундан эътиборан ўттиз кун ичида ихтиёрий равишда тўланган тақдирда тадбиркорлик субъекти - солиқ тўловчи ўзига нисбатан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўламаганлиги учун жарималар қўлланилишидан озод қилиниши;

солиқ назорати тадбирларида тадбиркорлик субъектлари томонидан кирим қилинмаган товарларни сақлаш ва реализация ҳажмини яшириш (камайтириб кўрсатиш) ҳолатлари аниқланган тақдирда - кирим қилинмаган товар қийматининг ва яширилган сумманинг 20 фоизи миқдорида жарима солиниши (илгари яширилган сумманинг 100 фоизи миқдорида жарима қўлланилган);

кирим қилинмаган товарлар қўзғатилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ёки жиноят иши доирасида давлат даромадига ўтказилган тақдирда, санкция қўлланилмаслиги каби меъёрлар амалиётга киритилган.

Киритилаётган бу каби меъёрлар билан давлат ғазнасига маълум миқдорда пул маблағлари тушмаслиги мумкин. Лекин, тадбиркорни турли хил молиявий санкциялар билан юклаб ташланадиган бўлса, тадбиркор оборот маблағидан ажралиб, корхонаси банкрот бўлишига, ишбилармонлик муҳитининг ёмонлашувига, инвестицион жозибадорликнинг камайишига ҳамда яратилган иш ўринларининг қисқаришига сабаб бўлиши мумкин.

Президентнинг «Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳасида тадбиркорларни қўллаб-қувватлайдиган яна бир янгилик жорий этилди.

Хусусан, солиқ тўловчилар давлат солиқ хизмати органларининг солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлиги учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорини тан олиб, уни олган кундан эътиборан 10 кун муддатда молиявий жарималарни ихтиёрий равишда тўласа, тадбиркорлик субъектлари мансабдор шахслари ва ходимларини жиноий ва маъмурий жавобгарликдан озод этиш белгиланди.

Шунингдек, солиқ тўловчи молиявий жарима миқдорининг 50 фоизини 10 кун ичида ихтиёрий тўласа, жарима суммасининг қолган қисмини тўлашдан озод этиш белгиланди.

Бундай тажриба Россия ва Туркия давлатларида татбиқ этилган.

Мисол учун, йўл қўйилган ҳуқуқбузарлик учун тадбиркорга нисбатан 300 млн. сўм молиявий санкция белгиланадиган бўлса, белгиланган 10 кунлик муддатда ихтиёрий равишда 150 млн. сўми тўлаб берилса, қолган 150 млн. сўм пул маблағи тадбиркор ихтиёрида қолади. Шунингдек, тадбиркорлик субъекти мансабдор шахслари жиноий жавобгарликдан ва маъмурий жавобгарлик озод бўлади. Бу нафақат корхонани, балки унинг мансабдор шахсларининг харажати тежалишига ҳам олиб келади.

Таҳлилларга асосан, тадбиркорлар томонидан жарималарни белгиланган муддатда ихтиёрий тўлаш улуши 2016 йилга нисбатан 2018 йилда 1,4 баробарга ошган, дейилади ДСҚ хабарида.

Киритилди: 10:45 12.07.2019. Ўқилди: 1528 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!