Бугун 26 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Асосли ҳадислар бор: Бароат кечаси ҳақида асл ҳақиқатлар

Асосли ҳадислар бор: Бароат кечаси ҳақида асл ҳақиқатлар

Бароат кечаси ҳақида бирор бир ҳадис келмаган, ҳадисларда бароат кечасининг фазилати йўқдир дейиш тўғри эмас. Ҳақиқат шудирки, ўн нафар саҳобаи киромдан ҳадис ривоят қилинган. Уларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бароат кечасининг фазилатини марҳамат қилганлар. Тўғри, юқорида зикр қилинган баъзи ҳадисларнинг санадини уламолар танқид қилишган. Шу танқидга биноан айрим уламолар бароат кечасининг фазилати ва асоси йўқдир дейишган. Лекин муҳаддис уламолар ва фақиҳларларнинг сўзларига кўра бир ҳадиснинг санади бошқа санадлар билан қўллаб-қувватланса ундаги камчилик, заифлик бартараф бўлади. Юқорида айтганимдек бароат кечасининг фазилати ҳақида ўн нафар саҳобадан ривоят келгандир. Ўн саҳобадан ривоят келгандан кейин унинг фазилати ва асли йўқдир дейиш ҳато ҳисобланади.

Бароат кечасини ибодат билан ўтказиш

Хойрул қурун яъни саҳобаи киром, тобеъин ва таба тобеъинлар розияллоҳу анҳум даврида бу кечани ибодат билан ўтказишга қаттиқ аҳамият берилган. Ўша кечада инсонлар ибодат қилишга қаттиқ аҳамият берар эдилар. Энди бу кечада ибодат қилишни асоссиз ёки бидъат дейиш тўғри бўлмайди. Тўғриси шуки, бу кеча фазилатли кечадир. Бу кечада ибодат қилиш ажр-савобга сабаб бўлади. Бу кечанинг ўзига хос аҳамияти бордир. Бу кеча учун махсус, алоҳида ибодат белгиланмаган. Албатта бу кечада баъзи инсонлар ўйлаб чиқарганларидек ўзига хос тарзда ибодат қилиш йўқ. Балки бу кечада қилинадиган ўзига хос бирор ибодат шариат томонидан белгиланмаган. Мисол учун биринчи ракатда фалон сурани фалон марта ўқинг, иккинчи ракатда фалон сурани шунча марта ўқинг ва ҳоказолардан иборат гаплар шариатда йўқдир. Бунинг ҳеч бир асли ва далили йўқдир. Балки бу кечада хоҳлаганизча нафл намозлар ўқишингиз, Қуръон тиловати, зикр, тасбеҳ дуолар қилишингиз мумкин. Кечани шу тарзда тирилтириб, қоим қилишингиз жоиз. Аммо юқорида айтганимиздек маълум ёки хусусий тарзда ибодат шакли собит бўлмаган.

Бароат кечаси қабристонга бориш

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу кечада қилинадиган амаллардан бири собитдир. Биргина ҳадис бор. Унда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бароат кечаси Жаннатул Бақийга борганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кечада Жаннатул Бақий қабристонига борганлар деб, одамлар бу кечада қабристонларга зиёратга боришни одат қилиб олишибди. Аммо менинг отам Муфтийи аъзам Муҳаммад Шафеъ Усмоний роҳимаҳуллоҳ бир ажойиб, муҳим гапни айтган эдилар. Буни доим ёдда сақлаш керак.

Айтадиларки: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса қай даражада собит бўлса ана ўша даражада сақлаб қолинишлиги шартдир. Унда муболағага ҳам, камчиликка ҳам йўл қўймаслик керак . Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун ҳаётлари мобайнида фақатгина Жаннатул Бақийга бир мартагина борганлари собит холос. Ҳа, агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадисларига амал қиладиган бўлсак, бутун ҳаёт давомида бароат кечасида бир мартагина бориш билан амал қилиш тўғри бўлади. Лекин ҳар йили бароат кечасида қабристонга бориш, зиёрат қилиш ёки бароат кечасида қабристонга боришни ўзиг хос ибодат деб белгилаб олиш, қабристонга боришни бу кечанинг рукни, шарти қилиб олиш тўғри эмас. Балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига амал қилишда ҳаддан ошиш бўлади.

Ўн бешинчи Шаъбон куни рўза тутишлик

Яна бир масала, бароат кечасидан кейинги кун яъни шаъбоннинг ўн бешинчи куни рўза тутиш. Буни ҳам яхши тушуниб олиш керак. Барча ҳадислар қараб чиқилганда бароат кечасининг эртанги куни рўза тутиш ҳақида биргина ривоят келган. Бу ривоятнинг санади ҳақида уламолар турли сўзларни айтишган. Шу сабабдан бароат кечасидан кейинги ўн бешинчи кун рўза тутишни суннат деб олишни баъзи уламолар қабул қилишмаган. Албатта шаъбон ойида рўза тутиш ҳақида фазилатлар собитдир. Лекин йигирма саккизинчи, йигирма тўққизинчи шаъбон кунларида рўза тутишдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарганлар. Чунки рамазондан бир-икки кун олдин рўза тутмасин. Токи рамазонга инсон янги кайфиятда кириб борсин.

Зикр қилинган ривоятларнинг манбалари:

1. Имом Термизий Сунан и. 3-жилд, 107-ҳадис.

2. Ибн Можа Сунан и. 1-жилд, 444-ҳадис.

3. Ибн Можа Сунан и. 1-жилд, 445-ҳадис.

4. Абдураззоқ Санаоний Мусаннаф и. 4-жилд, 317-ҳадис.

5. Мишкотул масобийҳ. 1305-ҳадис.

6. Имом Байҳақийнинг Шуаъбул иймон китоби. 3546-ҳадис

7. Имом Байҳақийнинг Шуаъбул иймон китоби, 3556-ҳадис.

8. Ҳайсамийнинг Мажмаъуз завоид китоби, 12957-ҳадис.

9. Имом Аҳмаднинг Муснад и. 11-жилд, 216-саҳифа.

10. Ибн Абу Осимнинг Суннат китоби. 1-жилд 216-ҳадис.

11. Ибн Абу Осимнинг Суннат китоби. 1-жилд, 223-ҳадис.

12. Имом Баззорнинг Муснад китоби. 7-жилд, 186-ҳадис.

13. Ибн Ҳиббоннинг Саҳиҳ и.12-жуз, 481-ҳадис.

14. Тақиюддин Алҳиндийнинг Канзул аммол китоби. 3-жилд, 467-ҳадис.

15. Тақиюддин Алҳиндийнинг Канзул аммол китоби. 5-жилд, 364-ҳадис.

16. Тақиюддин Алҳиндийнинг Канзул аммол китоби. 12-жилд, 212-ҳадис.

17. Ғурарул аҳкомнинг шарҳи Дурарул ҳукком китобида қуйидагича марҳамат қилинади: Шаъбон кечасининг ярмини иҳё қилиш мустаҳабдир. Масжидда тўпланиб жамоат тарзида кечаси билан намоз ўқиб чиқиш макруҳдир .

18. Баҳрур роиқ китоби. 2-жилд, 56-саҳифа: Шаъбон кечасининг ярмида намозни алоҳида ўқийди .

19. Аддуррул мухтор китоби. 2-жилд, 25-саҳифа: Шаъбоннинг ярим кечасини иҳё қилади .

Manba: azon.uz

Киритилди: 17:14 21.04.2019. Ўқилди: 6220 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!