Fox телеканали АҚШнинг Орегон ва Вашингтон штатларида номаълум шахслар почта қутиларига ўт қўйгани, Вашингтонда эса юзлаб сайлов бюллетенлари ёқиб юборилгани ҳақида хабар берди. Бу ҳақда "РИА Новости" ёзмоқда.
ОАВ маълумотларига кўра, охирги воқеа душанба куни эрталаб Орегон штатининг Портленд шаҳрида содир бўлган.
Маҳаллий ҳокимият вакилларининг айтишича, ёнғин бошланишидан аввал қути ичига ўт қўювчи мослама жойлаштирилган. Воқеа жойига портловчи моддаларни зарарсизлантириш гуруҳи етиб келиб, қурилмани зарарсизлантирди.
Аввалроқ NBC News телеканали АҚШнинг Аризона штатида номаълум шахслар почта қутисига ўт қўйгани, натижада президентлик сайловларида овоз бериш учун 20 га яқин бюллетень шикастлангани ҳақида хабар берган эди.