Бугун 24 апрель, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Андижондаги кўзбўямачиликда алданиб, бир умрга Россияга кетишга қарор қилган аёл ўз жонига қасд қилишга уринди

Андижондаги кўзбўямачиликда алданиб, бир умрга Россияга кетишга қарор қилган аёл ўз жонига қасд қилишга уринди

Андижон вилояти ҳокимлиги вакиллари ижтимоий ҳимояга муҳтож бир неча аёлга янги қурилаётган коттежлардан берилишини айтган, Президентнинг май ойида Андижонга ташрифи якунлангач аёллар коттежлардан чиқариб юборилганди. Бош прокуратура томонидан кўзбўямачилик деб топилган ушбу ҳодисадан кейин жабрланган аёллардан бири, тикувчи Муяссар Раҳимова «Дарё»га берган интервьюсида Россияга бутун умрга кўчиб кетмоқчи бўлганини айтганди. Интервью олиниб, у «Дарё»да эълон қилингунча бўлган муддатда, яъни 23 июль куни Муяссар Раҳимова ўз жонига қасд қилишга уринган. «Дарё» мухбири аёлнинг ўз жонига қасд қилиш сабабларини ўрганиш учун қилган суҳбатида Муяссархон Раҳимова «Ҳаммани қақшатиб, болаларни кўчага қўйиб қурилаётган Andijon City’нинг кимга кераги бор эди», деган саволни ўртага ташлади.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг «Дарё»га берган маълумотига кўра, 23 июль куни соат 20:00 ларда Андижон шаҳрида яшовчи Муяссархон Раҳимова оила аъзолари билан ўзаро келишмовчилик натижасида, ўзини ёмон ҳис қилиб «диазолин», «глицирин» ва бошқа дори воситаларини истеъмол қилиб заҳарланиш ташхиси билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Андижон филиалига ётқизилган. Шифокорлар томонидан унга дастлабки тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, ички аъзолари заҳарланишдан тозаланиб, шу куннинг ўзида яшаш хонадонига рухсат берилган. Ҳозирда Раҳимованинг заҳарланганлиги ҳолати юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиали токсиколог-шифокори Нурбек Ҳожиматовнинг айтишича, Раҳмонова 23 июль куни 19:38 да токсикология бўлимига тез тиббий ёрдам орқали қабул қилинган. Психиатроп дориларни меъёридан ортиқ миқдорда қабул қилиб, ўз жонига қасд қилган. Токсик кома ҳолатида марказга қабул қилинган. Биринчи ёрдам кўрсатилиб, ошқозони ювилган, инфузион, дезинтоксикацион ва симптоматик даволар қилинган. Бемор вақтида марказга келтирилгани ва тиббий муолажалар ўз вақтида қилингани учун тирик қолган. Бемор ҳушига келиб, соғлиги меъёрига келгандан сўнг, ўзининг хоҳишига кўра муолажани давом эттиришни истамагани учун 24 июль куни яшаш уйига жавоб берилган. Унга саломатлигини янада тиклаб олиш учун муолажани давом эттириш тавсия этилган.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси матбот хизмати «Дарё»га берган маълумотига кўра, Муяссар Раҳимова онаси билан жанжаллашиб, руҳий зўриқиш сабабли ўзи мунтазам истеъмол қиладиган дориларни меъёридан ортиқча ичган.

Раҳимова ўз жонига қасд қилиш сабабини қуйидагича изоҳлади: «Яшашга кучим етмаяпти шекилли, чарчадим. Собиқ турмуш ўртоғим ‘Қизимни Россияга олиб кетиб қолар экан’, деб қизим учун зарур бўлган ҳужжат ишларини қилиб бермаяпти, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини олволган, ‘Қизни ташлаб, қаерга чиқиб кетсанг, кетавер’ деяпти. Болаларимдан айрилиб қолишдан қўряпман. Қолиб қололмаяпман, кетиб кетолмаяпман».

Унинг айтишича, дориларни ичиб, ўз жонига қасд қилган вақтда онаси келиб қолган. Тез тиббий ёрдам машинаси олиб кетган ва бир кун кома ҳолатида бўлган. Шундан сўнг, Андижон шаҳар прокуратураси қасд қилиш ҳолатини ўрганиш бўйича суриштирув бошлаган.

Андижон шаҳар прокуратурасидан «Нима сабабдан дори ичдингиз, нима учун ижара уйда ўтирибсиз каби масалаларга аниқлик киритиш учун сизни чақиртирамиз», дейишди. Уларга вилоят ҳокимидан сўрасанглар нимага ижара уйда ўтирганимни, нима учун кўчада қолганимни, шу аҳволга тушганимни айтади, дедим, — дея таъкидлади у.

Раҳимованинг Россияга кетиши ҳақида интернет-нашрларида хабар тарқалгандан сўнг у ишлаган цехнинг кадрлар бўйича собиқ бўлим мудири Мавлуда исмли аёл ва маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари келиб, у ҳақида суриштирув олиб боришган. Бу ишлардан у қўрқаётганини билдирди.

— Мавлуда опа уйимизга келиб, онамдан «Машинада кетасизларми ёки самолётдами, неча киши кетяпсизлар» деб суриштирибди. У Андижон шаҳар уй-жой бўлимига бошлиқ бўлиб қолибди. Буларни ҳаммаси найранг. Мавлуда опани ҳамма ишда айблаб бўшатишди-ю, уй-жой бўлимига бошлиқ қилиб қўйилди. Онамга ‘бошланғич тўлов пули билан келинглар, навбатсиз уй олиб бераман, мени раҳбар қилиб қўйишди, энди ҳамма нарсанинг иложиси бор’, дебди. Улардан кейин маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари ҳам келиб, ким қаёққа кетаётгани ҳақида сўрабди. Булар менга тўсиқ қўйиб, чиқариб юбормаслиги ҳам мумкин», — деди у.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг вилоятга ташрифи чоғида Andijon City’ни қуриш режаси намойиш қилинган эди. Раҳимованинг маълум қилишича, Andijon City тушадиган жойда турмуш ўртоғи билан сотиб олган уйи бўлган ва у ерда болалари билан рўйхатда турган. Турмуш ўртоғи билан ажрашгандан сўнг, у уйдан чиқиб кетишни истамаган. Лекин вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова бир ҳафтада коттежга кўчириб қўяман, деб уйни бўшаттирган. Ҳозир ўша уй Andijon City қурилиши учун бузиб ташланган. Бузиб ташланган уй ўрнига ҳокимлик томонидан берилган коттежда Раҳимованинг собиқ эри шаръий никоҳдаги учинчи хотини билан яшаб келмоқда. Бу орада Раҳимова ҳокимлик вакиллари гапига ишониб уйсиз қолган.

«Ҳаммани қақшатиб, болаларни кўчага қўйиб қурилаётган Andijon City’нинг кимга кераги бор эди? Яшаб юрувдик, кичкина уй бўлса ҳам бошпанамиз бор эди. Бунақа ҳолатга тушган битта мен эмасман, қанчадан-қанча оилалар шунақа қийналиб юрибди. Чиройли уйлар берса ҳам, бу ношукрлик қиляпти, деб ўйларсизлар. Уйни бергани билан текинга бергани йўқ-ку. Бизнинг уйимизни бўшатиб олиб, кредитга уй таклиф қиляпти. Суммани кимдир тўлай олади, кимдадир имконият йўқ. Мендан олдин ҳам тўртта болали аёлга катта ваъдаларни бериб, уйдан чиқаришган экан. Бечора сарсон юрибди. Омборхонада яшаб юрувдиларинг, деб гапиришни билишади. Бу даражада кўчага одамларни чиқариб қўйиб, қураётган уйининг кимга кераги бор?!»

Кун

Киритилди: 15:36 29.07.2019. Ўқилди: 1837 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!