Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Андижонда ҳомиладор хотинини ўлдирган эркак 17 йилга қамалди

Андижонда ҳомиладор хотинини ўлдирган эркак 17 йилга қамалди

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судида оилавий келишмовчиликлар туфайли ўз ота уйида яшаётган турмуш ўртоғи М.У.ни қасддан ўлдирган булоқбошилик А.У.га нисбатан нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда журналист Умиджон Мамарасулов хабар бермоқда.

Жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси Эркинжон Эргашевнинг маълум қилишича, очиқ суд мажлисида судланувчи, жабрланувчи, гувоҳлар иштирокида 1989 йилда туғилган, ўрта маълумотли, Булоқбоши тумани, Кулла қишлоғи, Ёрбоши маҳалласида яшаган А.У.га нисбатан очилган жиноят иши кўриб чиқилган.

Унга кўра А.У. оилавий келишмовчиликлар туфайли Хўжаобод тумани, Манак маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган ота уйида яшаб келаётган турмуш ўртоғи М.У.ни олдига бориб, алимент тўловидан воз кечишини, ярашиб биргаликда яшаш истаги борлигини айтган. Бироқ унинг таклифи рад этилганидан сўнг ўртада жанжал чиқиб, хотини унинг ҳамиятига тегиб вужудидаги ҳомила унга тегишли эмаслигини, ушбу бола туғилганидан сўнг унинг учун ҳам алимент ундиришини айтган. Бундан ғазабланган А.У. хона деразаси токчасида турган хўжалик пичоғини олиб, М.У. нинг чап кўкрак олди соҳасига, чап қўлтиқ ости соҳасига, кўкрак қафаси орқа юзаси чап томонига бир неча маротаба уриб, ўлдиради.

Судланувчи А.У. судда, айбига тўлиқ иқрор бўлиб, 2014 йил 23 ноябрь куни М.У. билан турмуш қурганини, 2015 йилнинг 3 август куни қиз фарзандли бўлишганини, дастлабки пайтларда яхши яшаган бўлсалар-да, лекин кейинчалик кўп жанжаллашадиган бўлиб қолганларини айтади. Унинг сўзларига кўра, 2017 йилнинг 16 декабрида Тошкент шаҳрига ишлаш мақсадида бормоқчи бўлган. Аммо хотини унинг дўстларига эри ҳеч қаерга бормаслигини айтган. Шундан сўнг ўртада жанжал келиб чиққан. М.У. шу куни сен эркак эмассан, доим онангни тагига беркинасан деб ҳақорат қилиб, ўзидаги ҳомиласида уни ҳаққи йўқлигини, туғилгандан сўнг юзини кўрсатмаслигини маълум қилган. Ҳақоратлар натижасида шапалоқ еган хотини ота уйига кетиб қолган. М.У. 2018 йилнинг январь ойида алимент учун маълумотнома олиш мақсадида маҳалласига келганини эшитиб, бориб гаплашганида хотини қайнонаси билан яшамаслиги, алоҳида яшайдиган бўлса ярашишини айтган.

- Орадан бир неча кун ўтганидан сўнг маҳалла фаоллари ва қариндошлари билан биргаликда оиламни сақлаб қолиш учун Манакка бордик, дейди А.У. Маҳалла фуқаролар йиғини биносига турмуш ўртоғим ва қайнотам ҳам чақиртирилган эди. Рози бўлишмади. Бундай уринишлар бир неча бора бўлган бироқ ҳаракатларимиз зое кетди. Ўтган йилнинг февраль ойида қайнотамни уйига яна бордим. Аввалига яхши гапирдим. Аммо хотиним тилига нима келса гапириб, ҳамиятимга тегди. Ана шундан кейин жаҳл устида ўзим билмаган ҳолда шу иш юз берди. Бир муддат тургач ўзимга келиб, ташқарига чиқиб ариқдаги сувда қўлларимни ювдим. Қилган хатомни англадим ва ҳудуд профилактика инспекторининг хизмат хонасига бориб хотинимни ўлдириб қўйганимни айтдим. Нафсониятимга тегмаганида эҳтимол бу ҳодиса юз бермасди.

Суд А.У.ни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми б банди (ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлни қасддан ўлдириш) билан айбли деб топиб, 17 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Жазони умумий тартибли колонияларда ўтказиш белгиланди.

Киритилди: 15:38 19.02.2019. Ўқилди: 1714 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!