Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Америкада карантин, COVID-19 билан кураш ва аҳолига уч марта тарқатилган ёрдам пули ҳақида ўзбекистонлик ватандошлар ҳикояси

Америкада карантин, COVID-19 билан кураш ва аҳолига уч марта тарқатилган ёрдам пули ҳақида ўзбекистонлик ватандошлар ҳикояси

COVID-19 коронавируси АҚШ тарихида илгари рўй бермаган ҳолатларга сабаб бўлди. Касаллик қурбонлари сони Америка армиясининг Биринчи жаҳон уруши давридаги йўқотишлардан ошиб кетди. Аммо ҳукумат касаллик билан кураш давомида фуқароларини моддий қўллаб-қувватлади, ишини йўқотган, кичик бизнеси касодга учраганларга ва аҳолига ёрдам пули ажратди. Ёрдам дастури қамровида ҳозирда Америкада яшаётган ўзбекистонликлар ҳам четда қолмади.

Беҳзод Мамадиев, Вашингтон шаҳри Колумбия округи

Пойтахт Вашингтонда ўтган йили мартдан бошлаб чекловлар жорий этилди. Озиқ-овқат ва бошқа зарур эҳтиёжлардан ташқари, кўчага чиқмаслик сўралди, лекин мажбурий бўлгани йўқ. Хусусий бизнес корхоналари ва ташкилотлар мижозлардан ниқобда юришни талаб қилди. Ниқоб тақиш бўйича ҳам федерал даражада мажбурий қарор чиққани йўқ, фақат тавсия этилди, холос. Хусусий бизнес секторлари эса бунга жиддий қарашди.

Ресторанлар, кинотеатрлар, шу каби иккиламчи даражадаги бизнеслар бир неча ойга ёпилди. Озиқ-овқат, касалхона, дорихоналар, маҳсулот етказиш билан шуғулланувчи бизнеслар эса фаолиятини тўхтатмади.

Пандемия бошлангандан бери америкаликлар ва доимий резидентлар уч марта ёрдам олди. 2020 йил март ойи охирида қабул қилинган 2,2 триллион долларлик ёрдам дастури асосида бизнесларга ёрдам пули ажратилди. Шунинг қаторида ҳар бир кишига 1200 доллардан ёрдам пули берилди. 2021 йил бошида одамлар яна бир марта 600 доллардан пул олди. Мартга келиб, учинчи марта 1400 доллардан пул тарқатилди. Демак, пандемия бошлангандан бери ҳар бир ўрта ҳол америкалик ва резидент (жумладан, болалар ҳам) давлатдан ўртача 3200 доллар ёрдам пули олди. Битта оилада агар беш киши бўлса, бу битта оилага 10–15 минг доллар атрофида пул берилди, дегани.

Ёрдам пулларидан ташқари, ишсизлик нафақаси ҳам тайинланди. Ишини йўқотганларга ҳар ҳафта 400 доллардан ёрдам пули берилди. Улар ҳозир ҳам бу пулни олишяпти (ҳозир ҳафтасига 300 долларга тушган).

Америкада аҳолини ёзгача тўлиқ эмлаймиз, деган гап бор. Лекин шу билан бирга, одамларни хотиржамликка берилмасликка, чеклов ва гигиена қоидалари қатъий талаб қилишга чақиришмоқда. Вакцина олишни истамайдиган америкаликлар ҳам кўп. Баъзи сўровларга кўра, аҳолининг 50 фоизи буни хоҳламаяпти. Шу боис, вакцинани мажбурлаб беришмайди, аксинча, вакцина олишга тарғибот қилишяпти, холос.

Умуман, пандемияни енгиш учун аҳолининг 70 фоизи ё вакцина олиши ёки касалланиб табиий иммунитет ҳосил қилиши керак. Ҳукумат мана шу 70 фоизга 2021 йилнинг ёзигача эришамиз, деб умид қиляпти.

Саидазиз Аъзамов, Нью-Йорк шаҳри

Америкада карантин, COVID-19 билан кураш ва аҳолига уч марта тарқатилган ёрдам пули ҳақида ўзбекистонлик ватандошлар ҳикояси

Фото: Саидазиз Аъзамовнинг шахсий архивидан

АҚШ фуқаролари, грин-карта, яъни доимий резидент мақомига эга бўлганлар, шунингдек, бошқа солиқ тўлаган резидентлар учун stimulus check деб номланадиган ёрдам пули берилди. Шарти шуки, сиз солиқ тўловчи бўлишингиз ва даромадингиз 150 доллардан кам миқдорда бўлиши керак.

Бунақанги «туртки чеклари» ўтган йили ҳам худди шундай пайтлари берилганди. Болаларга бошида 600 доллар берилганди. Ҳозир улар ҳам катталардек 1400 доллардан олишади.

Ундан ташқари, даромади паст аҳоли учун Food stamp деган дастур, яна суғурта преференциялари ҳам бор. «Фуд стемп»да озиқ-овқат учун карточкангизга пул ташлаб берилади. Давлат «Медикейд», «Медикейр» дастурлари орқали кам таъминланганлар дори сотиб олиши учун суғурта компанияларига пул ўтказиб беради.

Stimulus check қоғоз чек шаклида ёки шунчаки солиқ тўлаганингизда киритган картангизга тушади. Унга ҳужжат топширилмайди. Солиқ тўлаганларга автоматик равишда ўтказилади. Маҳалладан маълумотнома, «женсовет»дан тавсиянома керак эмас.

Агар ишингизни йўқотган бўлсангиз, 1400 доллардан ташқари Unemployment Insurance Benefit дастури орқали ҳар бир штат ўз сиёсатига кўра ҳафтасига сизга ишсизлик суғуртаси (сўзма-сўз таржимаси шундай) беради.

Жалолиддин Ҳажаев, Атланта шаҳри

Америкада вирус бошланишини ҳар ким турлича қабул қилди. Кимлардир ишонмади. Яна кимдир ўша заҳоти дўконга чопди. Айримлар 2–3 ойга етадиган озиқ-овқатини ғамлади. Лекин нархлар ўзгармади. Ўз ҳолича қолди.

Ҳукумат уч марта ёрдам пули берди. Биринчисида катталарга 1200 ва болаларга 500 доллардан берди. Иккинчи сафар ҳаммага баравар 600 доллардан тарқатилди. Учинчи марта катталар-у болаларга 1400 доллардан ажратилди. Ёрдам пули, асосан, 2019 йил солиқ тўланганига қараб берилди. Банкдаги ҳисоб рақамингиз орқали солиқ тўлаган бўлсангиз, ёрдам пули тўғри шу ҳисоб рақамга тушаверди. Қолганлар қоғоз чек шаклида олди.

Давлат инқирозга учраганларга 2 хил шаклда қарз берди. Ишчига ойлигини камайтирмаслик ёки узмаслик эвазига, хусусий бизнесга эса ишини ривожлантириши учун қайтариш шарти билан 30 йилга маблағ ажратди.

Киритилди: 10:53 12.04.2021. Ўқилди: 3542 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!