Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Аллоҳ суйган икки хислат

Аллоҳ суйган икки хислат

Абу Қайс қабиласининг элчилари Мадинага келишди. Туяларидан тушибоқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зиёратларига шошилишди. Ашаж розияллоҳу анҳу эса юкларини хотиржам туширди, туясини ўтлашга қўйиб юборди. Сўнг ювиниб, тоза кийимларини кийди. Масжидга кириб, икки ракат намоз ўқиди. Шундан кейин Пайғамбаримизни зиёрат қилди. Аллоҳнинг Расули унинг бу одатини ёқтирдилар ва: "Эй Ашаж, сенда Аллоҳ суядиган икки хислат бор. Улар ҳалимлик ва шошмасликдир", деб марҳамат қилдилар. (Муттафақун алайҳ)

Аллоҳ таоло тақводор кишиларни мадҳ қилиб Оли Имрон сурасининг 134-оятида шундай дейди: “(Улар) яхши-ёмон кунларида ҳам хайру эҳсон қиладиган, ғазабларини ичга ютадиган, одамларнинг хато-камчиликларини кечирадиган кишилардир. Аллоҳ таоло (мана шундай) яхшилик қилувчи кишиларни севади”.

Келинг, Аллоҳ таоло суядиган шу икки амал ҳақида ўрганамиз.

Ҳалимлик нима?

Ҳалимлик бу ғазаб келган вақтида ҳам ўзини жиловлаб, қуввати етса-да гуноҳкорни афв этишдир. Жазо беришга имкони бўлмагани учун кечириб юбориш эмас. Балки бу ожизлик ҳисобланади.

Босиқлик эса бирон ишда шошма-шошарлик қилмаслик, масаланинг асл моҳиятини англаб, ақл билан иш кўришдир.

Дарҳақиқат, бугунги кунимизда хам ушбу икки хислат нақадар зарур эканини ҳис қилаяпмиз. Озгина нарса учун аламзада бўлиб одамларни жазолашга шошадиган, бир ишни билар-билмас, шошиб қилиб, вазиятни тўлиқ билмай хулоса қилишга шошадиган, кейин афсусланиб юрганлар жамиятида бундай хислатлар олтинга тенгдир.

Халимлик Аллоҳ таолонинг сифатларидандир. У Зот ўз каломида шундай дейди:

“Аллоҳ Алийм (ҳамма нарсани билувчи) ва Ҳалимдир” (Аҳзоб сураси, 51 оят).

Келинглар, биз хам Аллоҳнинг сифатлари билан хулқланайлик. У Зотнинг севимли бандалари қаторида бўлайлик. Зеро, Аллоҳнинг муҳаббатига эришган бандалар икки дунёда хам саодатли бўладилар. Иншааллоҳ.

Киритилди: 22:01 19.10.2019. Ўқилди: 7952 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!