Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Алифбодан йўқотилаётган "нг": Энди нима бўлади?

Алифбодан йўқотилаётган "нг": Энди нима бўлади?

Айни кунларда юртимизда лотин алифбосини ислоҳ қилиш бўйича ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Алифбодаги кутилаётган ўзгаришлар ичида энг кўп муҳокамага сабаб бўлаётгани - нг ҳарф бирикмасининг алифбодан чиқариб ташланиши масаласи бўлиб турибди. Кўпчилик юртдошларимиз ушбу ҳарф бирикмасининг туркий халқлар тилига хослиги маҳсули эканини, уни йўқотиш тилимизнинг ўзига хослигига путур етказиши мумкинлигини таъкидламоқда. Ҳуқуқшунос Ҳушнудбек Худойбердиев мазкур масалада махсус пост эълон қилди. Қуйида ушбу постни тўлиғича эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 

Ижтимоий тармоқларда «энди “бодринг”, “менинг”, “боринг”, “келинг” сўзларни қанақа ёзамиз?» дея берилаётган саволлардан билиш мумкинки, ўзгаришлар бироз нотўғри талқин қилинмоқда.

«НГ» ҳарфи билан ёзувда ҳеч нарса ўзгармайди, бодринг – bodring, менинг – mening, боринг – boring, келинг - keling ёзилаверади. Яъни «нг» деган товуш бекор қилинмаяпти, уни талаффузда ишлатаверамиз, шунчаки алифбодан алоҳида 2 та ҳарфдан ташкил топган «нг» ҳарф бирикмаси чиқариб ташланяпти ва бу тўғри қарор.

Мисол учун, инглиз алифбосида «sh» деган ҳарф йўқ, лекин “ш” товуши бор. Яъни s+h ҳарфлари ёнма-ён келса, улар “ш” деб талаффуз қилиб кетаверади. Масалан, Shop деган сўзни улар “сҳоп” деб ўқимайди, аксинча “шоп” дейди. Бизда ҳам «нг» товуши учун алоҳида ҳарф шарт эмас, талаффузда фонетик бирикма сифатида ўрганилгани маъқул.

Таклифни эшитгач, кўпчиликни қўрқитган алдамчи тасаввур шу бўлдики, энди “бодринг” сўзини – bodri, “келинг” сўзини – keli шаклида ёзамиз, дея ўйлашди. Лекин бундай эмаслигини билиб олдингиз деган умиддаман.

Болалар қийналмайдими?

Яна бир тоифа инсонлар алифбомизда «НГ» ҳарфи бўлмаса, энди мактабга қадам қўйган ўқувчиларга муаммо бўлишини таъкидлашмоқда.

Келинг, «НГ» алифбода бор ва йўқ бўлган вариантни кўриб чиқамиз.

Алифбода бор (ҳозирги ҳолат)

Тасаввур қилинг, 1-синф ўқувчисининг олдидан 2 та сўз чиқди:
“menga” ва “mening”.

Болалар бир қарашда буларнинг қайси бирида шунчаки «н» ва «г» ҳарфлари ёнма-ён келган, қайси бирида «нг» ҳарфи келганини била оладими?

Йўқ, билолмайди! Бу кўз билан ёзувда фарқланадиган ҳолат эмас. Бундай ҳолатлар алоҳида фонетик қоидалар билан болаларга тушунтирилади.

Алифбода йўқ

Алифбодан «нг» ҳарфи чиқариб ташланди, дейлик. Ўша 2 та сўз қандай ёзилади:
“menga” ва “mening”.

Фарқ борми? Йўқ! Аввал қандай бўлса, шундайлигича ёзилмоқда.

Демак, «НГ» ҳарфи алифбода бўлса ҳам, бўлмаса ҳам, барибир қўшимча фонетик қоидалар (қайси сўзда қандай ўқиш кераклиги) зарур бўлар экан.

Унда айтингчи, нима учун алифбода бирор амалий фойдаси йўқ ҳарф бўлиши керак?

Бўғин кўчириш дейсизми? Денгиз сўзини ден-гиз қилиб кўчириш керакми ёки де-нгиз шаклидами, деган саволга «НГ» алифбода бўлса ҳам, бўлмаса ҳам барибир жавобни фонетик қоидалардан топасиз.

Янги ҳарф жорий қилиш керак

Учинчи тоифа инсонлар эса «НГ» товуши учун ҳарф бирикмаси эмас, балки алоҳида яхлит янги ҳарф жорий этишни таклиф қилишмоқда. Шунда талаффуз осонлашар эди ва тилимизда “нг” товушини сақлаб қолардик, дейишмоқда улар. Бир қарашда асосли таклиф.

Лекин «НГ» товуши учун янги ҳарф жорий қилинса, ҳаммаёқ имло хатоларига тўлиб тошади. Кўчалар, ТВ, китоблар, газеталар, интернет...

Айтайлик, алифбода «НГ» товуши учун янги Ñ/ñ ҳарфи жорий этилди, деб тасаввур қилайлик. Бир қарашда бу ёзувда ишни осонлаштирадигандек. Яъни ‘menga’ ва ‘meniñ’ сўзларини фарқлаш қулай бўлади.

Аммо танганинг бошқа томони бор.

Танга сўзи tanga ёзиладими ёки taña? Мангу сўзи mangu ёзиладими ёки mañu? Денгиз сўзи dengiz ёзиладими ёки deñiz? Кўнгил сўзи kóngil ёзиладими ёки kóñil?

Кўряпсизми, айрим сўзларда ўзингиз ҳам иккиланиб қолдингиз. Бу худди “х” ва “ҳ” муаммосига ўхшайди. Йиллар давомида ҳар қанча ўқитсангиз ҳам, барибир одамлар хато ёзаверишади.

Агар «НГ» товуши учун янги ҳарф жорий қилинса, келгусида худди шунақа туганмас ва охири йўқ имло муаммосига дуч келамиз. Мусаҳҳиҳлар учун ортиқча юк пайдо бўлади, жамиятда имло хатолари кўпайгандан кўпайиб кетади.

Бир нарсани унутмаслик керакки, алифбони ислоҳ қилиш натижасида мавжуд муаммоларга барҳам берилиши керак, аксинча янги муаммолар келиб чиқиши эмас.

Юқоридагиларга кўра, «нг» ҳарф бирикмасини алифбодан чиқариб, «нг» товушини келгусида “н+г” шаклида ёзишда давом этиш – энг мақбул вариант, деб ҳисоблайман. Бу ҳеч қандай зиён ёки талафотни келтириб чиқармайди. ИМҲО.

Киритилди: 14:08 23.05.2019. Ўқилди: 2359 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!