14 декабрь куни Ўзбекистон футбол ассоциациясининг навбатдаги ҳисобот конгресси ўтказилди. Тадбир давомида 2024 йилги футбол мавсумининг энг яхшилари тақдирланди.
Унга кўра, «ЦСКА» ва Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Аббосбек Файзуллаев «Йилнинг энг яхши футболчиси» деб топилди. Мазкур номинацияда миллий терма жамоа дарвозабони Ўткир Юсупов ва «Ланс» клуби ва миллий жамоа ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановлар бор эди.
«Йилнинг энг яхши футзалчиси» совиринига футзал бўйича миллий терма жамоа етакчиси Ҳусниддин Нишонов эгалик қилди.
Ўзбекистон чемпионати ва кубогида ғолибликни қўлга киритган Нодир Элибоев «Йилнинг энг яхши футзал мураббийи» бўлди.
Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси етакчиси Диёра Ҳабибуллаева — «Йилнинг энг яхши аёл футболчиси» деб топилди.
«Йилнинг энг яхши ёш футболчиси» номига «Сўғдиёна» клуби футболчиси Муҳаммадюсуф Собиров лойиқ кўрилди.
Шунингдек, илк маротаба Олимпиада йўлланмасини қўлга киритган Ўзбекистон U-23 Олимпия терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе «Йилнинг энг яхши мураббийи» бўлди.
Аёллар футболида эса «2024 йилдаги энг яхши мураббий» мукофоти «Севинч» жамоаси билан биргаликда жорий мавсум чемпионат ғолиблигини қўлга киритган Владислав Ханга берилди.
«Севинч» клуби етакчи футболчиси Мафтуна Шоимова «Аёллар Олий лигасининг энг яхши футболчиси» сифатида эътироф этилди.
Бундан ташқари, футбол фахрийси, мураббий сифатида 5 карра Ўзбекистон чемпиони, 9 карра кумуш медали соҳиби, 2 карра Ўзбекистон кубоги ғолиби, Фарғонанинг «Нефтчи» жамоаси афсонаси Юрий Саркисянга «Футбол нуронийси» соврини топширилди.
Шунингдек, Парижда ўтган Олимпиаданинг 4 та учрашувида фаолият олиб борган, ОЧЛ финал учрашувида ишлаган Илгиз Танташев «Йилнинг энг яхши ҳаками» номига лойиқ деб топилди. Аёл ҳакамлар орасида эса Ўзбекистон кубоги финал учрашувини ўтказган Гулшода Саидқулова 2024 йилнинг энг яхши рефериси бўлди.