Давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан мулоқоти давом этмоқда.
Очиқ мулоқотда кичик ва ўрта бизнес учун энг муаммоли масалалардан бири қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва қайтариш билан боғлиқлиги таъкидланди.
Президент 2021 йилги тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида бизнес учун солиқ юкини тушириш сиёсатини давом эттириб, қўшилган қиймат солиғи ставкасини янада туширишга ваъда берган эди.
«Очиқ айтишим керак, “иқтисодиёт пандемия туфайли ҳали тўлиқ тикланмади, жаҳон иқтисодиётидаги вазият яхши эмас, шу сабабли буни кейинга қолдирайлик”, деб таклиф берганлар ҳам бўлди.
Лекин сизларни ишонтириб айтаман: биз ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз ва 2023 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкасини 12 фоизга туширамиз!», - деди Шавкат Мирзиёев.
Жорий йил 1 июлдан бошлаб бўш бино, фойдаланилмаётган ер участкасига нисбатан мол-мулк ва ер солиқларининг оширилган ставкаларини қўллаш бекор қилинган эди.
Лекин аввал ошириб ҳисобланган солиқлар нима бўлади, деган савол 19 минг тадбиркорни безовта қилмоқда ва бу бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушган.
«Шуларни инобатга олиб, тадбиркорларнинг оширилган солиқ ставкалари бўйича ҳисобланган 2 триллион сўмлик қарзларидан бутунлай воз кечсак, нима дейсизлар?», - дея тадбиркорларга мурожаат қилди давлатимиз раҳбари.