Бугун 25 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

1981 йилда ёзилган китобда 2019 йилда коронавируснинг тарқалиши башорат қилинганмиди? Аниқлик киритилди

1981 йилда ёзилган китобда 2019 йилда коронавируснинг тарқалиши башорат қилинганмиди? Аниқлик киритилди

"Alimoff"  телеграм каналида коронавирус билан боғлиқ миш мишга ойдинлик киритишга ҳаракат қилинди.

Менга сўнги кунларда жуда ҳам кўплаб хатлар келмоқда, уларда асосан 4 та расм. Бу америкалик ёзувчи Дин Кунцнинг “Зулмат кўзлари” асарида келтирилган сўзларга боғлиқ. Келинг бугун шуни кўриб чиқамиз ва ҳақиқатни юзага чиқарамиз.

Ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган фитна назариясига кўра, америкалик ёзувчи Дин Кунц 1981 йилда ёзган романида, 2019-2020 йилларда коронавирус тарқалишини башорат қилган. Бу хабарлар “Зулмат кўзлари” китобининг муқоваси ва Кунц ўз романида коронавирусни тасвирлайдиган саҳифалардан иборат. Бу ижтимоий тармоқларда катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган кўплаб даъволар, китобнинг муқовасини ва “Wuhan-400” вируси ҳақидаги саҳифани кўрсатади. Кунц китобининг кенг тарқалган саҳифасида таъкидланган матн: “Улар буни “Wuhan-400“ деб номлашди, чунки у Ухан шаҳри атрофидаги РДНК лабораторияларида ишлаб чиқилган ва бу ушбу илмий марказда яратилган техноген микроорганизмлар ичида, яшаши мумкин бўлган тўрт юзинчи штамм эди.”

Айрим даъволарга 2020 йилда “пневмонияга ўхшаш оғир касаллик” нинг пайдо бўлиши ҳақидаги қўшимча саҳифа ҳам киритилган.

Бу қисман ёлғон. Кунц ўз романида хаёлий вирус ҳақида ёзган бўлса-да, унинг “Wuhan-400” деган номи COVID-19 илк марта бошланган Хитой шаҳрига тегишли эканлиги ҳақиқат бўлса-да, унинг китобидаги касаллик хаёлот маҳсули ва унинг COVID-19 билан умуман алоқаси йўқ.

Ўз романида Кунц “Wuhan-400” ни “Хитойнинг ўн йилликдаги энг муҳим ва хавфли янги биологик қуроли” деб таърифлаган. У шунингдек, ушбу вирус Ухан шаҳридан ташқаридаги лабораториялар томонидан ишлаб чиқилганлигини ёзган.

Янги коронавируснинг айнан лабораторияда яратилганлиги ҳақида ҳеч қандай далиллар йўқ. Вирус ўтган йилнинг охирида, Ухандаги озиқ-овқат бозорида ёввойи ҳайвонларининг ноқонуний савдоси пайтида пайдо бўлган деб тахмин қилинади. Тиббиёт мутахассислари, бу вирус кўршапалакларда пайдо бўлиши ва кейин эҳтимол бошқа тур орқали одамларга юққан бўлиши мумкин деб ҳисоблашади.

Китоб ва ҳаётдаги вирусларнинг фарқи

Рейтерс агентлиги Кунцнинг китобидаги “Wuhan-400” нинг қўшимча маълумотларини кўриб чиқди.

Ушбу асардаги “Wuhan-400” аломатлари ва симптомлари реал ҳаётдаги COVID-19 дан жуда катта фарқ қилади. Романда, вируснинг инкубация даври “атиги тўрт соат” деб берилган бўлса, COVID-19 нинг инкубация даври 1-14 кун оралиғида кузатилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, коронавируснинг энг кўп учрайдиган инкубация вақти тахминан беш кундир.

Кунц шунингдек, ўз асарида “Wuhan-400” ни “ўлим даражаси 100%” бўлган касаллик деб таърифлайди. “Бир марта юқтирилган бўлса, ҳеч ким йигирма тўрт соатдан кўпроқ яшамайди. Кўпчилик ўн икки соатда ўлади ”, деб ёзади у. COVID-19 нинг ўлим даражаси эса бундан анча йироқ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Ухандаги ўлим ҳолатлари 2% дан 4% гача ва Ухандан ташқарида 0,7% бўлган.

Кунц томонидан тавсифланган аломатлар ҳам, COVID-19 дан фарқ қилади. Романдаги “Wuhan-400” “мия тўқимасини том маънода ейдиган токсин секрециясини келтириб чақиради ва тананинг ўз функциялари назоратини йўқотишига олиб келади. Касал шунчаки органларини ишлатиши керак бўлган пульсни йўқотади ва унда нафас олиш хоҳши йўқолади”, деб ёзади Кунц. COVID-19 инфекциясида эса турли хил аломатлар мавжуд, улар орасида иситма, йўтал, нафас қисилиши ва нафас олиш қийинлашиши. Енгил ҳолатлар шамоллашга ўхшаш аломатларга олиб келиши мумкин, оғир ҳолатларда эса пневмония, ўткир респиратор касалликлар, буйрак етишмовчилиги ва ўлимга олиб келиши мумкин.

Романда “Wuhan-400” Эбола вирусига қараганда “ниҳоятда ёмон” деб тасвирланган, аммо COVID-19 Эболага қараганда камроқ хавфлидир. ЖССТ маълумотларига кўра, Эбола вирусидан ўлим даражаси ўртача 50% ни ташкил этади, шу билан бирга, ўтган даврда ўлим ҳолатлари 25% дан 90% гача ўзгарган. Янги коронавируснинг ўлим даражасини эса юқорида келтириб ўтдик.

Хақиқат қаерда?

Яна шуни таъкидлаш керакки, 1981 йилда чоп этилган “Зулмат кўзлари” романининг биринчи нашрида, хаёлий вирус Хитой шаҳри номи билан эмас, балки руслар яшаган жой номидан келиб чиқиб “Горки” (Горки-400) деб номланган. Романнинг илк асл нусхасида вирус “Горки” шаҳри атрофида ишлаб чиқилган ва у “Совет Иттифоқининг ўн йилликдаги энг муҳим, хавфли янги биологик қуроли бўлиши керак эди" дейилади. Буни Google Books томонидан китобнинг 1981 йилда нашр қилинган сонидан “Gorki” сўзини қидириш билан аниқлаш мумкин. Ушбу нашрда “Wuhan-400” сўзини қидириш ҳеч қандай натижа бермайди.

South China Morning Post хабарига кўра, китобдаги вируснинг номи 1989 йилда, Совуқ Уруш тугаши арафасида, китобнинг қайта нашр этилиши фонида ўзгартирилган. Ушбу мақолада олдинги нашрнинг “Горки-400” га ишора қилувчи фотосуратлари ҳам киритилган. Ушбу нашрни Кунц ўзининг “Leigh Nichols” тахаллуси билан эмас, балки ҳақиқий номи билан чоп этган.

Кўриб турганингиздек, китоб ростдан ҳам 1981 йилда ёзилган аммо ўша илк сонларида бу вируснинг номи “Горки-400” деб номланган. Чунки ўша пайтларда АҚШнинг катта душмани сифатида СССР кўрилган. Ижтимоий тармоқларда тарқаб юрган расмлардаги нашр эса, 1989 йилдан кейин чиқарилаётган китоблардир. Унда муаллиф бир нечта номларга ўзгартириш киритган ва Совуқ Уруш сўнгида АҚШ учун янги геосиёсий рақиб сифатида Хитой тан олина бошлаши фонида қилинган оддий манёвр бу.

Шунингдек ижтимоий тармоқлардаги баъзи постлар, китобдан келтирилган учинчи расмни ҳам келтиришади (уни шу китобнинг бир қисми, деб нотўғри тахмин қилишади). Мана ўша саҳифа ва унда шундай дейилган: “Тахминан 2020 йилда ўпка ва бронхиал найчаларга ҳужум қиладиган ва барча маълум даволанишларга қаршилик кўрсатадиган пневмонияга ўхшаш оғир касаллик бутун дунё бўйлаб тарқалади”.

Ушбу саҳифа “Зулмат кўзлари” романига тегишли эмас! Бу 2008 йилда чиққан “Дунёнинг охири: башоратлар” китобидан олинган бўлиб, у ўзини медиум башоратчи деб даъво қилган америкалик ёзувчи Силвия Браун томонидан ёзилган. Силвия Браун эса олдин яшаган барча башоратчилар каби минглаб башоратларни тўқиб ташлаган ва уларнинг жуда катта қисми амалга ошмаган. Шунчаки эҳтимоллар назариясига кўра ҳам тангани 100 марта ташласангиз иккала тарафи ҳам 50 мартадан тушиши мумкин. Шундай экан, минглаб башоратлар ичида биттасининг тўғри келиб қолиши ҳам бу мўжиза эмас. Манчестер Юнайтед ва Арсенал ўртасидаги футбол ҳисобини олдиндан топган одамни ҳеч ким пайғамбар қилиб кўтариб юрмайди. Мени тушундингиз деб умид қиламан.

Хулоса

Бу даъволар ёлғон ва манипуляция устига қурилган. Дин Кунц 1981 йилда китобни ёзганида вирусни "Горки-400" деб номлаган, 1989 йилда ўзининг “Зулмат кўзлари” романини қайта нашр этишда эса “Wuhan-400” деб ўзгартирган. Бу касаллик аломатлари ва оқибатлари COVID-19 нинг расмий тавсифига умуман мос келмайдиган ҳаёлий вирус эди. Масалан фантаст ёзувчи Жюль Верн ҳам ўз романларида жуда кўп келажакда пайдо бўладиган нарсалар ҳақида ёзган (дирижабль, сув ости кемаси, скайп, вҳк) аммо бу уни башоратчи қилиб қўймайди. Китобдаги вируснинг номи замонга қараб ўзгариши эса, шунчаки бугунги кун реалликларига тўғри келиб қолган холос. Агарда ўша вирус номи "Горки"лигича қолганида бу гап сўзларга умуман ҳожат қолмас эди.

Киритилди: 16:41 28.03.2020. Ўқилди: 14168 марта. Фикрлар сони: 1 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!