Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

18 йил давомида суратга олинган “Беҳбудий” фильмининг “ёпиқ” намойиши бўлиб ўтди

18 йил давомида суратга олинган “Беҳбудий” фильмининг “ёпиқ” намойиши бўлиб ўтди

XIX аср охири XX аср бошларида Туркистонда мураккаб ижтимоий-сиёсий вазият устувор бўлиб турганда, жадидчилик ҳаракати,  янгича таълим-тарбия усулларига эҳтиёж бор эди. Бу ҳаракатнинг етакчиларидан бири,  драматург, публицист, жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий бўлган.  "Ўзбеккино" МА биносида 1 декабрь куни маърифатпарварнинг зиддиятли ва мураккаб ҳаёт йўли ёритилган "Беҳбудий" фильмининг журналист ва соҳа кишилари учун махсус намойиши бўлиб ўтди. Фильм ҳужжатли-бадиий  жанрида суратга олинган бўлса-да, унинг бадиийлик жиҳати яққол намоён бўлиб турибди. Фильмнинг суратга олиш ишлари 18 йил олдин бошланган ва баъзи сабабларга кўра эфир юзини кўрмаган.

Бироқ фильмнинг сценарий муаллифидан тортиб, грим, рассом, актёрлар ижроси, бастакор, оператор, саҳналаштирувчи режиссёргача профессионал гуруҳ ишлагани билиниб турибди. Фильм Беҳбудийнинг  қамоқдаги кичкина дарчага қумбўрон кириб келади ва бу тўс-тўпалон жадиднинг ёшлигидаги бўронга уланиб кетади. Бунда режиссёр маърифатпарварнинг ҳаёт йўлининг текис кечмаган алғов-далғов даврларига ишора  қилади. Беҳбудийнинг  "янги усул" жадид мактабларининг очиши, дарслик китоблар чоп этиб, ўқувчиларга тарқатиши, жадидчилик ҳаракатининг асосчиси Исмоил Ғаспирали билан учрашуви, "Падаркуш" драмасининг саҳналаштирилиши Маҳмудхўжа ҳаётидаги энг қувончли дамлар бўлган. Бу фильмда ўзгача ракурсда кўрсатиб кетилган. Айниқса, “Падаркуш” драмасини фильм воқеаларига сингдириши кейин эса драматург томонидан бу фожиани драма ҳолатига келтирилиш эпизоди муваффақиятли чиққан.   Бу драманинг кўпгина вилоятларда саҳналаштирилиши ва уни томошабинлар олқишлар билан кутиб олиниш саҳнаси қисқа эпизодларда очиб берилган.  

Беҳбудий ролини гавдалантирган Фаҳриддин Шамсиматов қиёфасида ҳақиқий жадид нигоҳини  кўриш мумкин. Актёр кўз қарашлари ва мимикасида, жадидларга хос оғир вазминлик ва мулоҳазакор, жойи келганда чўрткесар ва айбини юзига айта оладиган жадид қиёфасини маромига етказиб ўйнай олган.  Назаримда, фильмдаги Беҳбудий ва Дукчи эшон суҳбати ишончсизроқ чиққан ҳамда диалоглари бироз чўзилган. Маҳмудхўжа Дукчи Эшон (Афзал Рафиқов)га унинг танлаган йўли нотўғри эканлиги бу йўлдан қайтишини уқтирмоқчи бўлади. Назаримда, дукчи эшон жадиднинг бу гапларига кескин фикр билдириши, уни эшитмаслиги керак эди. Фильмда  барча катта-кичик роллар ўз эгасини топа олган.

Грим устаси Галина Ивоновна актёрлар қиёфасини ўша давр муҳитига мос қиёфаларни кўрсата олган бўлса, фильмнинг саҳналаштирувчи рассомлари Муса Исоев ҳамда Ҳамидулла Ҳабибуллаев замон нафасига мос картиналарни жойлаштира олган. Тарихий фильмларда бу муҳитни жонлантириш осон иш эмас.   Фильмнинг сўнгги эпизодлари кулминацион нуқтаси бўлди, десак муболаға бўлмайди. Беҳбудий ўлимга ҳам тик қарай олган, бир кун келиб бахтли ва ҳур Ватан бунёд бўлишига ишонган ҳолда дунёдан ўтади. Ҳа, Беҳбудий таъбири билан айтганда "ҳақ олинур, берилмас!" Филмьда режиссёр томонидан рамзий деталлардан ҳам унумли фойдаланилган. Жумладан, Яйра Абдуллаева томонидан ижро этилган қаландар момо образида Она Ватан қиёфасини кўриш мумкин. У халқи зафарга эришса қувонади, мағлубиятга учраса (Туркистон мухторияти болшевиклар томонида бомбардимон қилинганда) чексиз ғам-қайғуга ботади. Ёхуд Беҳбудийнинг ўлими олдида унинг орқасида бўлган одамларнинг ўзгариши (Чор Россияси ва болшевиклар ҳокимиятининг алмашиши) ёки ёш йигит ва қизалоқнинг бошида қамишда олиб келаётган зиёни Онанинг қўлидаги шам ёруғига туташиши ҳам келажакка ишонч, ҳур, озод ва тараққий этган  Ватан орзулари каби рамзий маъноларни ўқиш мумкин.  

Фильм баъзи камчиликлардан ҳам ҳоли эмас, албатта. Хусусан, фильм Беҳбудий ва у яшаган сиёсий тузум воқеаларнинг ҳаммасини кенг қамровда картинага сиғдирмоқчи бўлишган. Шунинг учун сюжет линиялари жуда кўп ва уларнинг баъзилари жуда чўзилган бўлса, баъзилари охирига етмай қолган. Монтажда баъзи эпизодларнинг мантиқий узвийлиги йўқолган. Балки бу 18 йиллик танаффус сабабдир. 

Шунга қарамасдан "Беҳбудий" фильми томошабин қалбида ёруғ сиймо сифатида муҳрлай олади. Картина томошабинларни бугуннинг қадрига етишга, бу кунларга осон етиб келмаганлигимизни англатадиган, кенг мушоҳадага  чорлайдиган фильм бўлган. Ишонаманки, бу фильмнинг ўз томошабинларни, албатта, топилади.

Фильм 18 йил олдин суратга  олингани сабабли ундаги баъзи ижодкорлар, афсуски,   орамизда йўқ. Булар севимли актёрларимиз Равшан Солиҳов, Яйра Абдуллаева, Алишер Ҳамроев, Ҳошим Арслонов, Обид Юнусов ҳамда картина директори Насрулла Саъдуллаевлардир. Улар орамизда бўлмасада, фильмни кўрган томошабинлар уларга қалбан яқин бўлишди. Истаймизки, “Беҳбудий” фильмининг умри боқий ва марҳум ижодкорларнинг руҳлари шод бўлади.

 Лобар Хайруллаева

Журналист, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти матбуот хизмати ходими

Киритилди: 20:15 02.12.2020. Ўқилди: 3854 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!