Бугун 28 март, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Мурожаатнома – тараққиёт таянчи

Мурожаатнома – тараққиёт таянчи

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг ушбу Мурожаатномаси коронавирус пандемияси туфайли вужудга келган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий нуқтаи назаридан ўта мураккаб бир даврда Ватанимиз тараққиётининг келгуси истиқболини белгилайдиган ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжатдир.

Бутун умуминсоният тарихига йўқотишлар йили сифатида кирган 2020 йилда бошланган катта синовларнинг адоғи кўринмаётган бир шароитда инсонни эъзозлаш, унинг фаровонлигини оширишга қаратилган жуда кўплаб ғоя ва ташаббуслар илгари сурилди.

Жаҳон иқтисодиёти учун – ҳар ойда қарийб 400 миллиард доллар миқдорида зарар келтирилаётган, бугунги кунга қадар дунё бўйича 500 миллионта иш ўрни йўқотилган бир пайтда фуқароларни қўллаб-қувватлаш борасида белгиланаётган вазифаларга ва уни бажариш учун ажратилаётган молиявий маблағларга яна бир бор эътибор қаратинг: 2021 йил якунига қадар мактабгача таълим қамровини кенгайтириш мақсадида бюджетдан 600 миллиард сўм субсидия бериш ҳисобидан қўшимча равишда 2 мингта нодавлат боғча ташкил этилади. 30 та янги мактабни қуриш, 320 та мактабни таъмирлаш ва моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида бюджетдан 2 триллион сўм ажратилади. 10 та Президент мактаби, кимё-биология, математика, ахборот технологияларига ихтисослашган 197 та мактаб ўз фаолиятини бошлайди. 2021 йилда биринчи марта бюджетдан 900 нафар чин етим ёшларни уй-жой билан таъминлашга 50 миллиард сўм ажратилади. Миллат, Ватан, Халқ келажаги учун бундай улкан маблағларни бугунгидай мураккаб бир пайтда  ажратилаётгани, инсонпарварликнинг ҳаётий ифодасидир.

Давлатимиз раҳбари барча Мурожаатномаларида, маъруза ва чиқишларида адолатни қарор топтириш учун суд органлари фаолиятини замон талабларига мослаштириш, судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлашга асосий вазифалардан бири сифатида аҳамият қаратади.

Дарҳақиқат, ушбу Мурожаатномаларида ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилишига, бунинг учун суд тизимини янада такомиллаштириш лозимлигига алоҳида тўхталиб, бир қатор янги вазифаларни белгилаб бердилар.

Хусусан, янги йилдан бошлаб фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги 3 та судлар битта суд сифатида бирлаштирилиши вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш белгиланди. Сабаби, суд амалиётида жисмоний ва юридик шахсларнинг судга тааллуқлилик билан боғлиқ мурожаатларини кўриб чиқишда баъзи бир муаммолар мавжудлигидан кўз юмиб бўлмайди. Жумладан, бир хил мазмундаги ишлар бўйича турлича қарорлар қабул қилинишига сабаб бўлиб, ягона суд амалиётини шакллантиришга, қонунларни бир хилда ва тўғри қўлланилишига тўсқинлик қилмоқда.

Бундан ташқари, вилоят судларининг амалдаги тарқоқ тузилмаси туфайли фуқаролар ва тадбиркорлар судма-суд сарсон бўлиб юриш ҳолатлари бор. Масалан, фуқаролик ишлари бўйича судлар мансабдор шахснинг ноқонуний қарорига асос бўлган ҳужжатларни (баённома, хулоса, маълумотнома ва ҳ.к.) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талабни судловга тааллуқли эмаслиги сабаб тугатаётган бўлса, айрим маъмурий судлар томонидан ушбу ҳужжатлар ҳақиқий эмас деб топилмоқда. Бундай турлича ёндашувлар фуқароларнинг судларга бўлган ишончини пасайишига ва суд қарорларидан ҳақли норозилигига сабаб бўлмоқда. Биргина 2019 йилнинг ўзида 58 мингдан ортиқ фуқаро ва тадбиркорлар судлардаги сарсонгарчиликларга нисбатан ўз эътирозларини билдирганлар.

Таъкидлаш керакки, айни пайтда бу вазифа ижроси таъминланиб, вилоят ва унга тенглаштирилган жиноят, фуқаролик ва иқтисодий судлари негизида Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари ташкил этилди. Ўзбекистон Президентининг тегишли фармойиши билан барча вилоят судларига янги суд раислари тайинланди.

Янги ташкил этилган умумюрисдикция судларининг самарали фаолияти фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга бўлган ҳуқуқини амалда таъминлаш билан боғлиқ муаммоларга барҳам беради.

Агар бу борадаги ривожланган демократик мамлакатларнинг тажрибасига мурожаат этадиган бўлсак, бугунги кунда Франция, Италия, Канада, Жанубий Корея, Қозоғистон, Беларусь ва бошқа бир қатор давлатларда умумюрисдикция судлари, яъни фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича судлар ягона умумюрисдикция суди сифатида самарали фаолият юритишини кўришимиз мумкин. Демак, умумюрисдикция судлари халқаро амалиётда ҳам яхши натижа бериб келмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 29 декабрда йўлланган Мурожаатномада белгиланган вазифалар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судья ва суд тизимининг нуфузини ошириш, суд органлари фаолиятини демократлаштириш ва такомиллаштиришга мустаҳкам асос бўлади.

 

Шуҳрат БАКАЕВ,

жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг раиси

Киритилди: 15:17 21.01.2021. Ўқилди: 1724 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!