Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Жиззахда ўғри энагага суд ҳукми ўқилди

Жиззахда ўғри энагага суд ҳукми ўқилди

Иминова Самира Аҳмад қизи (Ф.И.Ш ўзгартирилган) 2019 йил январь ойидан Шароф Рашидов туманида яшовчи С.Солиевнинг уйида энага бўлиб ишлаб келарди. 2020 йил март ойи бошларида хонадон эгаси С.Солиевнинг турмуш ўртоғи Ф.Тоштемировага тегишли телефон аппаратини хонадонда жойлашган ошхона жавонида қаровсиз турганлигини кўриб қолиб бир шумлик кўнглидан ўтди. Ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, 1 дона бозор нархи 1.000.000 сўмлик “Samsung J5” русумли телефон аппаратини ўғирлаб, ушбу телефон аппаратдан 2020 йил 27 майгача, яъни жинояти фош этилган кунга қадар фойдаланиб келган.

Бундан ташқари, С.Иминова такроран ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, хонадон эгаси С.Солиевга тегишли бўлган темир сандиқда пул сақлаб келинаётганлигидан хабар топади. 2020 йил 27 май куни соат 16 ларда уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, хонадон ертўласида турган темир сандиқни калит билан очади. Сейф ичидаги пуллар орасидан 2.100.000 сўм ва 100 АҚШ долларини ўғирлаб, пулларни шахсий сумкасига солиб қўйганлиги Шароф Рашидов туман ИИБ ходимлари томонидан аниқланган.

Суд С.Иминованинг қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, муқаддам судланмаганлигини, жиноят оқибатида етказилган зарарлар дастлабки терговда тўлиқ қопланганлигини, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги каби жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни содир этилган жиноятни ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар деб топди. Шунингдек, унинг ҳаракатида жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмаслигини инобатга олиб, уни жамиятдан ажратмаган ҳолда ҳам қайта тарбиялашнинг имкони мавжуд деган хулосага келиб, ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, ЖК 169-моддаси 3-қисми санкциясида назарда тутилмаган, яъни ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлашни лозим топди.

Иминова Самира Аҳмад қизи Ўзбекистон Республикаси ЖК 169-моддаси 3-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга шу модда билан ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

 

Ғиёсиддин Ялгашев,

Жиноят ишлари бўйича Шароф Рашидов туман суди раиси

Киритилди: 13:35 06.08.2020. Ўқилди: 2083 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!