Бугун 17 апрель, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Озода Нурсаидова 13 йиллик «запрет»га юлдузлик касали сабаб бўлгани ҳақида гапирди

Озода Нурсаидова 13 йиллик «запрет»га юлдузлик касали сабаб бўлгани ҳақида гапирди

Озода Нурсаидова санъаткорлардаги юлдузлик касали, манманлик каби иллатлар қалбни заҳарлаб, охир-оқибат уларнинг назардан қолишига сабаб бўлишини кеч англаб етгани ҳақида гапирди. Хонанда билан интервью маданият вазирлиги сайтида эълон қилинди.

«Тақдирига санъаткор бўлиш қисмати битилган инсон борки, унинг машаққат-у, синовларига бардош беришга, бу йўлда фидокорликка тайёр туради. Акс ҳолда санъат йўлларида учрайдиган юлдузлик касали, манманлик, ўзига бино қўйиш, ўзгаларни назар-писанд қилмаслик иллатлари қалбни заҳарлайди, охир-оқибатда назардан қолади. Тан оламан, буни мен кечроқ англаб етдим, бир муддат мухлисларим ишончини қозониш армонга айланиб қолган эди. Шукрки, ҳаётда йиқилганни тургизиб, қоқилганни суяйдиган олийжаноб инсонлар бор! Муҳтарам Президентимизнинг кечиримлилиги, бағрикенглиги туфайли яна ўз йўлимни топиш, Ватаним, халқим меҳрини қозониш имкониятига эга бўлдим.

Санъаткор учун ўз юрти ардоғидан ортиқ бахт йўқ аслида. Қўшиқларимни севиб тинглайдиган мухлисларим қаршисига ёруғ юз билан чиқиш насиб этганига шукр», — дейди хонанда.

Хонанда мақом санъатига меҳри бўлакча эканлигини таъкидлади:

«Тўғри, эстрада йўналишидаги ижроларим кўп. Аммо мақом менинг жон-у дилим. Болалигимдан Расул қори Мамадалиев ижросидаги мақомларни севиб тинглардим. Ўзбек миллий қўшиқчилигининг асоси мақомчиликда. Чунки мумтоз қўшиқларнинг жилоси, беқиёс таъсири инсон ҳиссиётларини тарбиялайди, ижро усуллари ҳам ўзига хос мураккаб. Шунинг учун ҳам мақомни маромига етказиб ижро этган санъаткорнинг маҳоратига ҳеч ким даъво қилолмайди. Қўпол қилиб айтганда ўғирлаш, ўзлаштириш деган тушунчалар мақом учун бегона.

Фақат уни билар-билмас айтадиган хонандалар ҳофиз дея ҳурмат қилишларига муносиб бўлолмайди. Консерваторияда ўқиш жараёнида устозларим: Фаттоҳхон Мамадалиев, Фозилжон Маматқулов, Орифхон Хотамовлардан мақом сирларини қунт билан ўрганганман. Уларнинг эътирофи, олқишлари менга гўёки қанот бағишларди. Шу пайтларда ҳофизми, хонандами, аввало, ижрони қойиллатиб қўйиши керак деб ўйлардим. Шу менинг хатом бўлган. Тан оламан. Ахир санъаткор учун энг зарури одоб-ахлоқ, маданиятлилик. Орада ўтган 13 йиллик муддат мен учун жуда катта ҳаёт мактабини ўтади. Ҳозирги кунларни, ўз юртимнинг саҳнасини соғинганим бор гап... Шундай маҳзун йилларда мени асраган нарса санъатга, яқинларимга бўлган меҳрим бўлди.

Қолаверса, мақом ашулаларини тинглаб, куйлаб таскин топардим. Мана энди эркин ижод, дилдан куйлаш, мухлисларим олқишлари, самимий нигоҳларига гувоҳ бўлиш бахтига эгаман. Мен мақом мактабини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларда фаол қатнашишни бурчим, вазифам деб биламан. Ўз ижромдаги мақом қўшиқларидан альбом яратишни ният қилганман. Тўғрисини айтсам, ижро этган қўшиқларимнинг деярли ҳаммасига ўзим куй басталаганман.

Ҳатто 13 йиллик танаффусда ҳам бекор ўтирмадим. Бир қатор хориж давлатлари: Арабистон, Қирғизистон, Туркия, исроиллик ижодкорлар билан ҳамкорликда ишладик. Уларнинг кўпгина қўшиқларига куй басталаб берганман».

Киритилди: 16:34 28.06.2020. Ўқилди: 7139 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!