Бугун 16 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

«Бундан буён барча ерлар фақат очиқ электрон танлов асосида ажратилади» - Шавкат Мирзиёев

«Бундан буён барча ерлар фақат очиқ электрон танлов асосида ажратилади» - Шавкат Мирзиёев

Хабарингиз бор, жорий йилда ер муносабатларида янги давр бошланди. Очиғини айтадиган бўлсак, шу кунга қадар ердан фойдаланишда тадбиркорлар, фермерлар ва деҳқонларнинг эртанги кунга ишончи йўқ эди. Бундай ҳолатда деҳқон ер унумдорлигини ошириш, қўшилган қийматни яратиш, янги технологияларни жорий этишдан манфаатдор эмас эди. Шунинг учун ер ажратиш ва олиб қўйиш бўйича ҳокимларнинг ваколатлари бекор қилинди. Бундан буён барча ерлар фақат очиқ электрон танлов асосида ажратилади. Бу орқали Тошкент вилоятида илдиз отиб кетган коррупциявий ҳолатларга, “ер олди-сотдиси”га, ерни ўзбошимчалик билан эгаллашга барҳам берилмоқда. Ҳалигача ер сотиш бор. Камида иккита ер сотилади. Сотиб олган одам ҳам дарров шлакаблок билан ўраб олади. Нима, ернинг эгаси йўқми?

Янги тартиб асосида, вилоятда 14,5 минг гектар пахта ва ғалла ҳамда самарасиз боғ-токзорлар майдонлари қисқартирилиб, аҳолига 50 сотихгача узоқ муддатга ижарага берилади ва 30 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилади. Бу майдонларда маҳсулот ишлаб чиқариш кооперация асосида ташкил қилинади. Бунинг учун 100 миллиард сўм ажратилади.

Энг муҳими, ишлаб чиқаришни тизимли ташкил қилган ҳолда, ҳосилдорлик пахтада 60-65 центнерга, ғаллада 80-90 центнерга етказилади. Бунинг учун, биринчи навбатда, вилоятда 30-40 йил давомида экиб келинаётган эски ғўза ва ғалла навлари юқори ҳосилдор ҳамда эрта пишар янги навларга алмаштирилади. Шунингдек, 65 минг гектар пахта ва 50 минг гектар ғалла майдонларида сув тежовчи технологиялар жорий қилинади ҳамда йилига 20 минг гектар майдонда лазерли текислаш йўлга қўйилади. Бу ишларга келгуси беш йилда жами 1 триллион сўмга яқин субсидия маблағлари ажратилади.

Ўрта Чирчиқ, Қуйи Чирчиқ, Оҳангарон, Оққўрғон, Бўка, Пскент туманларини кафолатли сув билан таъминлаш мақсадида, Оҳангарон сув омбори сиғими 100 миллион метр кубга оширилади. Шунингдек, 80 миллион доллар жалб қилиниб, 38 та насос станцияси модернизация қилинади.

Бундан ташқари, пахтачиликда механизация даражасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Эсимда, пахта йиғим-терими ташкил қилишда “Тошкент технологияси” деган тажриба бўлар эди. Ўша пайтларда пахтанинг асосий қисми машиналарда териб олинган. Келгуси беш йилда бу тизим қайта тикланиб, камида 70-80 фоиз пахта ҳосили машиналар ёрдамида териб олинади. Бунда, машина терими харажатларининг 30 фоизи бюджетдан қоплаб берилади.

Интенсив технологияларни қўллаш ва ҳосилдорликни ошириш ҳисобига, мева-сабзавот ишлаб чиқариш ҳажми камида 2 баробар кўпайтирилади. Хусусан, Зангиота, Қибрай ва Тошкент туманларида 2 минг 700 гектар ғалла ва Юқори Чирчиқда 4 минг гектар пахта майдонлари босқичма-босқич қисқартирилиб, мева-сабзавотчилик ҳудудларига айлантирилади. Бу туманларда 50 та кластер корхоналари ташкил қилиниб, кооперация усулида экспортбоп маҳсулотлар етиштириш йўлга қўйилади.

Сабзавотчиликда энг асосий масала - уруғ тайёрлаш тизимини тўғри йўлга қўйиб олишимиз шарт. Бунинг учун, юқоридаги туманларда 200-300 гектардан ер майдонлари ажратилиб, алоҳида уруғчилик кластерлари фаолияти йўлга қўйилади.

Тошкент вилоятининг илмий салоҳиятидан тўғри фойдаланган ҳолда, вилоятдаги илмий муассасалар билан ҳамкорликда, ҳар бир кластер қошида илмий марказ ташкил этилади. Бундай кластерларга ишлаб чиқарилган уруғликни экспорт қилишга ҳам рухсат берилади.

Паркент, Қибрай, Пискент, Юқори Чирчиқ, Янгийўл, Оҳангарон, Бўстонлиқ туманларида 50 минг гектар боғ ва токзорларнинг иқтисодий самарасиз бўлган 60 фоизи тўлиқ янгиланади. Шунингдек, янги ўзлаштириладиган ва лалми ерлар ҳисобидан ушбу туманларда 20 минг гектар майдонда интенсив боғ ва токзорлар барпо этилади.

Боғдорчилик илмий-тадқиқот институти ва Аграр университетнинг “ин-витро” лабораторияларидан самарали фойдаланган ҳолда, Тошкент, Паркент ва Қибрай туманларида йилига 5 миллион дона мева ва ток кўчатларини етиштириш ташкил қилинади. Бунга 10 миллион доллар ажратилади.

Киритилди: 14:14 16.10.2021. Ўқилди: 2435 марта. Фикрлар сони: 5 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!